Айни вақтда “Қамчиқ” довонида кучли қор ёғмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 15 ноябрдаги “А-373 “М-39 автойўли – "Гулистон-Бўка-Ангрен-Қўқон" ва Андижон орқали Ўш (“Тошкент-Ўш”) автомобиль йўли ва “Ангрен-Поп” электрлаштирилган темир йўлининг “Қамчиқ” довонидан ўтган қисмида 2023-2024 йиллар куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш ва транспорт воситаларининг хавф-хатарсиз ҳаракатланишини таъминлаш тўғрисида”ги тегишли баённомасига кўра, мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда техник тадбирлар олиб борилмоқда.
“Қамчиқ” Махсус қидирув, ёнғин-қутқарув бошқармаси бошлиғи Ҳ.Бобоновнинг таъкидлашича, “Қамчиқ”да 15 та механизациялашган назорат-кузатув гуруҳида қутқарувчи, йўл-патрул хизмати, йўлчилар томонидан кечаю-кундуз навбатчилик ташкил этилган. 10 та йўл бўлимида юздан ортиқ махсус техника шай ҳолатга келтирилган. 6 та тез тиббий ёрдам шохобчаларида малакали тиббиёт ходимларининг навбатчилиги йўлга қўйилган.
“Қамчиқ” довони географик жойлашуви, иқлими ва транспорт инфратузилмаси муҳим аҳамиятга эга. Биргина қор кўчкилари билан боғлиқ ҳодисаларнинг олдини олиш кун тартибидаги долзарб масаладир.
Довон автомобиль йўлининг 228-253 км. лар оралиғида қор кўчиш хавфи мавжуд 65 та участка бўлиб, улар довон хизматчилари ва ишчиларидан жуда катта эътибор ва ҳушёрликни талаб қилади.
Бугунги кунда, тоғ қияликларидаги қор қалинлиги 140 см ни ташкил этади. Шунингдек, “Шимолий” ва “Жанубий” айланма йўлларга кириш ҳамда “Отрар” ҳудудларида қор кўчиш хавфи борлиги эълон қилинган. Мазкур ҳудудларда хавфли участкалар ва йўл қияликларидан 500 м3 гача қорнинг кўчиш хавфи юзага келиши мумкин.
Хавфли участкаларда доимий мониторинг кузатиш ишлари йўлга қўйилган бўлиб, автомобиль йўлини тоза ва сифатли сақлаш, ҳандакларни тозалаш ва сирпанчиққа қарши қум-туз аралашмалари сепиш ишларини бажариш ҳамда қор кўчкилари хавфи мавжуд участкаларда “Тўхта! Қор кўчиш хавфи бор!” огоҳлантирувчи ва транспорт воситаларининг тўхташини тақиқловчи белгилар ўрнатилган.
Довон автомобиль йўлида об-ҳавонинг кескин ўзгарувчанлиги, тоғ қияликликларида қор массасининг ортиб кетиши ва ҳудуднинг юқори нишаблилиги ҳамда автомобиль йўлида ҳаракат юкламасининг зичлиги сабабли, мутахассис тавсияларига амал қилган ҳолда ҳаракатланиш талаб этилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА