Айни кунларда ўлкамизда давом этаётган аномал совуқ ҳамда қалин ёққан қор қиш зийнатини ўзида мужассам этгани баробарида аҳолига, йўловчи ва ҳайдовчиларга турли ноқулайликларни келтириб чиқармоқда. Шу боис республикамиз бўйлаб барча ташкилот ва идораларга, вазирликларга ўз йўналишида тезкорлик билан хавфсизлик чора-тадбирларини кўриш топшириқлари берилди. Шундан келиб чиқиб, барча йўналишда кечаю кундуз тинмасдан муайян ишлар олиб борилмоқда.
Айниқса, ноқулай об-ҳаво шароити Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизими зиммасига залворли масъулият юклайди. Юз бериши мумкин бўлган турли кўнгилсизликларнинг олдини олиш ёхуд оқибатларини бартараф этишда тизим ташкилотлари ва ходимларидан ўн карра жонбозлик талаб этилади. Айниқса, тоғли ҳудудларда, довон йўлларида хавф-хатар янада ортиши бу ҳудудлардаги чора-тадбирлар тезкорлигини, мунтазамлиги ва жадаллигини тақозо этади.
Бу борада биргина “Қамчиқ” довонида олиб борилаётган ишлар билан қизиқиб, “Қамчиқ” махсус қидирув ёнғин-қутқарув бошқармаси бошлиғи Ҳасан Бобонов билан боғландик.

— Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 1 ноябрдаги сайёр йиғилиш баёни талаблари асосида бир қатор ташкилий-техник тадбирлар амалга ошириб келинмоқда, — дейди Ҳасан Бобонов. — Республика идоралараро штаби иши ташкил этилиб, “Қамчиқ” довонида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этишга жалб этиладиган куч ва воситалар 2022 йилнинг 1 ноябрь кунидан “Юқори тайёргарлик режими”да хизмат олиб бормоқда.

Мамлакатимизда кузатилаётган аномал совуқ шароитида ҳам довонда фаолият юритаётган 15 та механизациялашган назорат-кузатув гуруҳларида Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар вазирлиги, Автомобиль йўллари қўмитаси ходимлари туну-кун навбатчиликни олиб боришмоқда. Умуман, аномал совуқ шароитида манзилли профилактик тадбирлар, ташкилий-техник тадбирларни амалга оширишда ИИВ, ССВ, Транспорт вазирлиги, Гидрометеорология хизмати, Хавфли геологик жараёнларни кузатиш давлат хизматининг “Ангрен”, “Қўқон” кузатув станциялари, “Қамчиқавтойўл” ихтисослашган йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси (ИЙФУК), “Қўқон” Минтақавий темир йўл узели, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ тузилмалари ва бошқа ташкилотларнинг бирдамлиги муҳим аҳамиятга эга.

Қишки қаров учун сирпанчиққа қарши воситалар, ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари захиралари олдиндан яратилгани ҳамда махсус техникалар, машина-механизмлар ва қутқарув воситаларининг шайлиги, ишчи-ходимларга шарт-шароитларни яратиш диққатимиз марказида.
9-12 январь кунлари довонда вақти-вақти билан кучли ёғингарчилик, қор уюмлари юзага келиши, туман тушиши, кўришнинг 50 метргача ёмонлашиши, шамол 15-20 м/с тезликкача эсиши бўйича берилган маълумотга асосан, 19 маротаба махсус хабарномалар тегишли ҳокимликлар, корхона ва ташкилотларга юборилди, хавфсизликни таъминлаш борасида тадбирлар амалга оширилди.

2023 йил 12 январь соат 10:30 ҳолатига “Қамчиқ” довонида ҳаво ҳарорати -22 даража совуқни, тоғ қияликларида қорнинг қалинлиги 210 сантиметргача, метеомайдонда 78 см.ни ташкил этмоқда. Автомобиль йўлининг “Шимолий” ва “Жанубий” айланма йўллари, “Отрар” участкасига қор кўчкиси хавфи мавжуд.
Довон ҳудудида аҳоли хавфсизлигига масъул бўлган фавқулодда вазиятлар давлат тизими хизматлари ва куч-тузилмаларидан жами 850 нафар ишчи ходимлар, 200дан отриқ махсус техникалар хизматга жалб этилган.

— Шу вақтгача довон йўлида қанча йўловчи ва транспорт воситаларига ёрдам кўрсатилди?
— Албатта, йўловчи ва ҳайдовчиларга, уларнинг транспорт воситаларига ёрдам кўрсатиш учун шароитлар яратилган. Жумладан, довон ҳудудидаги 15 та умумий овқатланиш масканлари, “Қамчиқавтойўл” ихтисослашган йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси (ИЙФУК) йўл бўлимларида жами 2 мингдан ортиқ аҳолини қабул қилиш пунктлари шай ҳолатга келтирилди, 1300 нафар йўловчини иссиқ овқат билан таъминлаш чоралари кўрилди. Ангрен шаҳридаги 13 та умумий овқатланиш масканлари, 4 та ётоқхонада 3 минг 600 нафар, Оҳангарон шаҳридаги 10 та умумий овқатланиш масканлари, 2 та ётоқхонада 4 минг 710 нафар, Поп туманидаги 4 та умумий овқатланиш масканлари, 1 та ётоқхонада 600 нафар, жами 34 та исиниш пунктлари тайёрланиб, уларда 8 минг 910 нафар фуқароларни қабул қилиш имконияти яратилди. Довондаги 4 та хавфли ҳудудларда аҳолига амалий ёрдам кўрсатиш, уларни исиниш пунктларига жойлаштириш мақсадида 16 та чодир (палатка)дан иборат пунктлар ташкил этилиб, навбатчилик йўлга қўйилди.
2023 йил 9-12 январь кунлари 6 та қутқарув навбатчилик масканлари, 15 та механизациялашган назорат-кузатув гуруҳларида хизматни олиб бораётган қутқарувчилар, йўл-патрул хизмати ва автойўл ходимлари билан ҳамкорликда жами 52 та ҳолатда
101 нафар фуқаролар хавфсизлиги таъминланди. Бу фуқароларга исиниш масканларида иссиқ озиқ-овқат берилди.
Бундан ташқари, “Чинор”, “Эртош”, “Булоқ”, “Қамчиқ”, “Резак”, “Шеробод” тез-тиббий ёрдам бригадалари томонидан 8 марта чақирувларда, 29 нафар ҳайдовчи ва йўловчиларга тез тиббий ёрдам кўрсатилди.
– Довонда қолган йўловчиларни ўз манзилларига хавфсиз ва соғ-саломат етказиш борасида қандай чоралар кўриляпти?
– Дарҳақиқат, асосий мақсадимиз ноқулай об-ҳаво шароитида йўловчи ва ҳайдовчилар хавфсизлигини таъминлаш ва уларни ўз манзилига беталафот етказишдан иборат. Бу борада “Ангрен-Поп” электрлаштирилган темир йўлининг “Оҳангарон”, “Ангрен”, “Орзу”, “Темирйўлобод”, “Поп-2” станцияларида фуқароларни ўз манзилларига етказиш бўйича 6 та ишчи гуруҳдан иборат штаб ташкил этилди. Эвакуация поездини йўлга қўйиш ва йўловчиларга шарт-шароит яратиш чоралари кўрилди. Автомобиль йўлида қолиб кетган йўловчиларни хавфсиз ҳудудга вақтинча эвакуация қилиш мақсадида “Олмалиқ” кон металлургия комбинатидан 3 нафар ходим, 3 та махсус камаз вахта техникаси, “Ўзбеккўмир” АЖдан 1 нафар ходим ва 1 та махсус вахта техникаси жалб этилди. 5 та техника, 12 нафар фуқароларга амалий ёрдам кўрсатилди.
Шунингдек, 4 та ҳаракатдаги ёқилғи қуйиш шохобчалари навбатчилиги ташкил этилиб, жами 17 та транспорт воситалари 270 литр бензин билан таъминланди. Умуман, ушбу йўналишдаги барча саъй-ҳаракатлар мунтазам равишда ташкил этилиб, йўловчилар хавфсизлиги таъминланмоқда, мавсумни беталафот ўтказиш чоралари кўрилмоқда.
Муҳтарама Комилова суҳбатлашди,
ЎзА