Қалбаки ҳужжатлар асосида хориждан олиб келинган товарлар фош этилди
Давлат хавфсизлик хизмати ва Божхона қўмитаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор-қидирув тадбири давомида мамлакатимизга ноқонуний олиб келинган товар-моддий бойликлар фош этилди.
Хусусан, олдиндан шубҳа остига олинган Бухоро вилояти Ғиждувон туманида яшовчи, 2001 й.т. фуқаро бошқарувидаги юк автотранспорт воситаси Тошкент шаҳар Чилонзор туманида жойлашган божхона омборида холислар иштирокида кўздан кечирилди.
Натижада унда транзит декларацияси ва йўл кузатув ҳужжатларида кўрсатилмаган 2 490 дона тиббий буюмлар, 13 794 қути дори воситалари, 880 дона биологик фаол қўшимчалар, 273 370 қути сигарет ва тамаки маҳсулотлари, 3 131 дона электрон сигареталар, 8 591 дона уяли телефон аппаратлари, 19 дона планшет ва 52 дона парфюмерия маҳсулотлари борлиги маълум бўлди.
Бундан ташқари, ҳужжатларда кўрсатилган миқдори ва бошқа хусусиятлари амалдаги ҳолатига мос бўлмаган 72 501 дона қурилиш асбоб-ускуналари борлиги ҳам аниқланди.
Автотранспорт воситаси эгаси пойтахтда истиқомат қилувчи, 1978 ва 1995 йилларда туғилган 2 нафар фуқаро билан тил бириктириб, ушбу товарларни қалбаки божхона ҳужжатлари асосида қўшни давлатдан олиб келишган.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 182-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ЎзА