Қалбаки доллар савдоси фош этилди
Қалбаки хорижий валютани муомалага киритиш орқали даромад топишга уринаётган шахсларнинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилмоқда.
Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш йўналишида Давлат хавфсизлик хизмати, Божхона ва Ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида Самарқанд шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда қалбаки хорижий валютани муомалага киритишга уринган шахслар қўлга олинди.
Хусусан, Тойлоқ туманида яшовчи, 1996, 2002 ва 2003 йилларда туғилган 3 нафар фуқаро 100 АҚШ доллари номиналидаги қалбаки банкнотлардан иборат жами 7400 АҚШ долларини шартли харидорга 44 млн. сўмга сотган вақтларида уларнинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди.
Аниқланишича, қонунбузарларнинг 2 нафари муқаддам судланган бўлиб, қалбаки купюрлар эса Туркиядан олиб келинган.
Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, ушбу ноқонуний ишга алоқадор бошқа шахсларни аниқлаш бўйича чоралар кўрилмоқда.
Ҳамроз Баёнов,ЎзА