Қаҳратон қиш: қўшниларимиз таълим муассасаларида ҳам қишки таътил узайтирилган
Минтақамизда об-ҳавонинг совиб кетиши таълим муассасаларида қишки таътилнинг чўзилишига сабаб бўлмоқда. Айни пайтда қўшни мамлакатларда ҳам ўқувчилар мактабларига қайтгани йўқ. Масалан, Тожикистонда ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъий назар барча таълим муассасаларида қишки таътил 16 январгача узайтирилган.
“Ховар” ахборот агентлигининг мамлакат таълим ва фан вазирлиги матбуот хизматига таяниб ёзишича, Тожикистон Республикаси таълим ва фан вазирининг жорий йил 10 январда чиқарган «мактабгача ва умумтаълим муассасалари ўқувчиларининг қишки таътилини узайтириш ҳақидаги буйруғи” чиққан. Шунга асосан барча мактабларда ўқувчиларнинг қишки таътили 16 январгача узайтирилди.
Хабарда таъкидланишича, таътил вақтида қолдирилган дарслар 2022-2023 ўқув йилининг иккинчи ярми учун тасдиқланган алоҳида қўшимча машғулотлар жадвали бўйича баҳорги ва ёзги таътил кунлари ҳисобидан қопланади.
Тожикистонда ҳам 10 январдан 15 январгача ҳарорат 15-20 даражагача совиб кетиши маълум қилинган. Шунингдек, хабарда мамлакатнинг айрим ҳудудларида тунги ҳарорат – 24 даражагача тушиши айтилган.
Қозоғистоннинг ҳам кўплаб ҳудудларида мактабларда дарслар онлайн форматга ўтказилди
“Казинформ” агентлигининг ёзишича, 11 январдан Шарқий-Қозоғистон вилоятининг айрим шаҳарларида 4-синфгача, бошқа шаҳарларида 9-синфгача машғулотлар бекор қилинган.
Павлодарда ҳам машғулотлар масофавий шаклда олиб борилмоқда. Вилоят марказида ҳаво ҳарорати -29 даражагача қайд этилмоқда, деб ёзмоқда Pavlodarnews.kz сайти. Шунингдек, Қарағанда, шаҳарлари, Абай, Атироу, Актюбе вилоятларида машғулотлар онлайн форматга ўтказилган.
Пойтахт Останада ҳам мактаб ўқувчилари коллеж талабалари масофавий таълим шаклига ўтказилди, дейилади хабарда.
Қирғизистонда ҳам баҳорги таътиллар қишки таътил узайтирилгани сабабли қисқа бўлади
Қирғизистонда ҳам қаҳратон совуқ қишки таътилнинг узайтирилишига сабаб бўлмоқда, натижада баҳорги таътиллар қисқарадиган бўлди, деб хабар тарқатди Қирғизистон Республикаси таълим вазирлиги.
2022-2023 ўқув йили учун белгиланган ўқув режасига ўзгартириш ва тўлдирилиш киритилади:
- қишки таътил 2022 йил 30 декабрдан 2023 йил 15 январгача узайтирилади. Машғулотлар 2023 йил 16 январдан бошланади;
- баҳоргиси 22 мартдан то 2023 йил 26 мартгача бўлиб, машғулотлар 2023 йил 27 мартдан бошланади.
Мактабгача таълим муассасалари санитар-эпидемиологик назорат ташкилотларининг кўрсатмаси бўйича ишлайди, дейилади “Кабар” ахборот агентлиги тарқатган хабарда.
Саидмурод Раҳимов, ЎзА