Қаҳрамонда фтизиатр ва пульмонологлар кўриги ўтказилди
Сирдарё вилоятидаги Фтизиатрия ва пульмонология маркази ташаббуси билан Ховос тумани Қаҳрамон участкасида болалар ва хавф гуруҳидаги беморлар орасида туберкулёз касаллигини эрта аниқлаш ва даволашга қаратилган профилактика чора-тадбирлари доирасида скрининг текшируви ўтказилди.
Тадбирда марказнинг тажрибали фтизиатр ва пульмонолог шифокорлари ҳамда “Ўпка саломатлиги мобил” бригадаси мутахассислари иштирок этди. Улар турли ёшдаги фуқароларни қабул қилиб, нафас йўллари ва ўпка касалликларини эрта аниқлаш, уларнинг олдини олиш ҳамда аҳолини соғлом турмуш тарзига ундаш борасида амалий маслаҳатлар бердилар.


Ўтказилган тиббий кўрик натижасида 80 нафар фуқарода кўкрак қафаси рентген текширувлари амалга оширилди, 60 нафар болага эса диаскин-тест синамаси қўйилди. Шунингдек, 6 нафар беморга касаллик турига кўра вилоят шифохоналарида даволаниш учун йўлланмалар берилди.
Кўрик давомида юқумли касалликларни барвақт аниқлашга алоҳида эътибор қаратилди. Замонавий мобил ускуналар ёрдамида туберкулёз ва ўпканинг бошқа хасталиклари ташхис қилинди, зарур ҳолларда беморлар вилоят марказига йўналтирилди.


– Бундай скрининг тадбирлари аҳолининг саломатлигини муҳофаза қилишда муҳим аҳамиятга эга. Чунки касалликни эрта босқичда аниқлаш уни даволаш самарадорлигини оширади. Шу боис келгусида ҳам барча туман ва шаҳар маҳаллаларида аҳоли билан яқин ҳамкорликда иш олиб борамиз, – дейди марказ директори Жонибек Пўлатов.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири