Қадим дарвозалардан тараққиёт сари
Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги Гузарбоши маҳалласи бой тарихи, аҳил аҳолиси ва кенг кўламли бунёдкорлик ишлари билан эътиборга молик ҳудудлардан бири ҳисобланади. Пойтахтнинг кўҳна шаҳар қисмида жойлашган мазкур маҳалла бугун ўзининг тарихий муҳитини сақлаган ҳолда замонавий тараққиёт сари одимламоқда.
Тарихий манбаларга кўра, ҳозирги Гузарбоши маҳалласи ҳудудида Тошкентнинг қадимий ўн икки дарвозасидан иккитаси – Сағбон ва Чиғатой дарвозалари жойлашган. Бир вақтлар шаҳарнинг муҳим кириш нуқталаридан саналган бу ҳудуд асрлар давомида савдо-сотиқ, ҳунармандчилик ва деҳқончилик ривожланган маскан сифатида танилган.
Гузарбоши маҳалласи тарихи XIX аср охирларига бориб тақалади. Дастлаб бу ҳудуд Сағбон маҳалласи номи билан юритилган бўлса, 1930 йилларда унга Иттифоқ номи берилган. 1999 йилда эса Академик Обид Содиқов маҳалласи тўлиқ, шунингдек, Қўштут, Ачаобод ва Шоший маҳаллаларининг бир қисми бирлаштирилиб, янги маҳалла ташкил этилди ва унга Гузарбоши номи берилди.
Бугунги кунда маҳаллада 8 минг 110 нафар аҳоли истиқомат қилади. Оилалар сони 2 минг 404 тани ташкил этади. Ҳудудда 303 та ерли хонадон ва 34 та кўп қаватли уй мавжуд. Нурафшон, Сағбон, Фаробий, Шоший, Сариқсув, Мақола, Ҳуррият, Кўкзор, Омонат ва Тарих кўчалари маҳалланинг асосий ҳудудларини қамраб олган.
Сўнгги йилларда маҳаллада амалга оширилган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари унинг қиёфасини сезиларли даражада ўзгартирди. Хусусан, “Эски шаҳар реконструкцияси” дастури доирасида ҳудудда кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Эски кўчалар ўрнида кенг ва равон йўллар барпо этилди, кўп қаватли турар жойлар, болалар майдончалари, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари қурилди. Ички йўллар асфальтланиб, электр таъминоти ҳамда муҳандислик-коммуникация тармоқлари янгиланди.
[gallery-30357]
Маҳаллада аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Кам таъминланган, эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган ва ногиронлиги бўлган шахслар яшовчи оилаларга давлат ва ҳомийлар томонидан мунтазам ёрдам кўрсатилмоқда.
Шунингдек, маҳалла ҳудудида жойлашган 11-умумтаълим мактабида ўқувчилар сони ортиши муносабати билан қўшимча ўқув бинолари қурилди. Бу ёш авлоднинг сифатли таълим олиши учун яратилаётган шароитларнинг яна бир ифодаси бўлди.
2025 йилда “Эски шаҳар” ҳудудини туристик масканга айлантириш борасидаги чора-тадбирлар доирасида Кайковус канали бўйидаги 21 та хонадон капитал таъмирланиб, аҳоли учун янада қулай шароитлар яратилди. Бу ишлар маҳалланинг туристик жозибадорлигини ошириш, унинг тарихий қиёфасини асраб-авайлаш ва келгуси авлодларга етказишга хизмат қилмоқда.
Гузарбоши маҳалласи ўзининг машҳур фарзандлари билан ҳам фахрланади. Бу заминдан академиклар Обид Содиқов ва Абдували Абдуваҳобов, генерал-лейтенант Собиржон Охунжонов, давлат ва жамоат арбоблари, халқ рассомлари, спортчилар ва санъат намояндалари етишиб чиққан.
Ҳудуд тараққиёти ва аҳоли фаровонлигини таъминлашда маҳалла фаоллари ва нуронийларининг ўрни алоҳида. Маҳалла фуқаролар йиғини томонидан аҳоли мурожаатларини ўз вақтида ҳал этиш, оилалар тинчлигини мустаҳкамлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Яқин келажакда маҳалла гузарини замонавий қиёфада қайта барпо этиш, мактабгача таълим ташкилоти қуриш, ҳудудни янада кўкаламзорлаштириш, туристик йўналишларни ривожлантириш ва аҳоли учун янги қулайликлар яратиш режалаштирилган.
Гузарбоши маҳалласи бугун ўзининг кўҳна тарихи ва замонавий тараққиёт уйғунлиги билан Янги Ўзбекистонда маҳалла тизимининг имконият ва салоҳиятини яққол намоён этиб келмоқда.
Камола Юсупова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА