Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни янгилашни таклиф қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 октябрда қабул қилинган ПҚ-3318-сон қарорининг 4-банди, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонуни билан тасдиқланган Ягона услубиётнинг 102-бандига асосан, фермер, деҳқон ва томорқа хўжаликларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларига дахлдор масалаларга доир лойиҳалар Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан мажбурий тартибда келишиб олиниши белгиланган.
Қайд этиш керакки, жорий йилнинг ўтган даврида Кенгаш томонидан 60 та норматив-ҳуқуқий хужжат лойиҳалари ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини келишиш жараёнида лойиҳанинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармон ва қарорларига мослиги ўрганиб чиқилади.
Тъакидлаш жоизки, замон шиддат билан ўзгармоқда, унга мос равишда жамиятдаги ижтимоий муносабатлар ҳам ўзгариб бормоқда. Замонга мос ва хос янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинмоқда.
Масалан, Президентимизнинг 2024 йил 18 январда қабул қилинган Фармони билан 2024 йил 1 мартдан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага беришда очиқ электрон танлов ўрнига электрон онлайн аукцион савдолари ўтказиш жорий этилди.
Бу билан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари ижарачиларига ижарага берилган ер участкалари бўйича ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини ер участкасидан фойдаланиш мақсадини ўзгартирмаган ҳолда бошқа шахсга ўтказишга (қайта ижарага беришга) рухсат берилди.
Бироқ, эски ҳужжатлар ҳалигача ўз кучида қолмоқда. Бу эса ҳуқуқни қўллаш амалиётига ўзининг салбий таъсирини кўрсатади.
Биргина мисол, Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 30 октябрдаги қарори билан тасдиқланган “Фермер хўжалигининг намунавий устави”нинг 13-бандида фермер хўжалигини юритиш учун ер участкаси бериш бўйича танловда фермер хўжалиги бошлиғи томонидан берилган аризада кўрсатилган мол-мулк, техника ва пул маблағлари мажбурий тартибда фермер хўжалигининг устав фондига киритиш ҳақидаги талаб белгиланган ва ўз кучида турибди.
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши қабул қилинганига 10 йилдан ошган барча Қонунлар, Фармон ва қарорларни хатловдан ўтказиш ва ваколатли вазирликлар томонидан қайта кўриб чиқишни лозим деб ҳисоблайди.
Жорий йилнинг 5 мартида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳоли хонадонларида саноат усулида маҳсулот ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш ҳамда томорқа ва деҳқон хўжаликларида янги захираларни ишга солишга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мазкур қарор билан Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига фермерлар манфаатларини оширадиган лойиҳалар ишлаб чиқишга ваколат берилди.
Унга мувофиқ, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига самарадорликни янада ошириш ва фаол иштирокини таъминлаш мақсадида фермерлар, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тааллуқли лойиҳаларни, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизими орқали Вазирлар Маҳкамасига киритиш, кўриб чиқиш ва ахборот бериш ҳуқуқи берилди.
– Эндиликда Кенгаш фермерларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тааллуқли Қонун, қарор лойиҳаларини ишлаб чиқади ва белгиланган тартибда Ҳукуматга киритади, –дейди Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раис ўринбосари Зафар Мустафақулов.
ЎзА