Қабул имтиҳонлари ўтказилди
Иқтидорли ёшларни саралаб олиш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини холис баҳолаш ва замонавий таълимга кенг йўл очиш бугун мамлакатимиз таълим сиёсатида устувор вазифалардан бирига айланган. Сирдарё вилоятида Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг Гулистон филиалига 2026–2027 ўқув йили учун ўқувчиларни қабул қилиш бўйича тест синовлари ана шу тамойиллар асосида ташкил этилди.
Республика бўйлаб бир вақтнинг ўзида ўтказилган қабул жараёнлари Сирдарё вилоятида ҳам юқори савияда ўтди. Номзодлар математика ва инглиз тили фанларидан билимларини синовдан ўтказди. Имтиҳонлар Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг вилоят ҳудудий бўлими, Гулистон олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказининг якка курашлар зали, Гимнастика спорт турларига ихтисослаштирилган спорт мактаби ҳамда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг Гулистон филиали биноларида ташкил этилди.
Жорий йилги қабулда 3633 нафар ўқувчи иштирок этди. Улар учун хавфсизлик, тартиб-интизом ва холис баҳолаш талаблари тўлиқ таъминланди. Барча аудиториялар зарур техник воситалар билан жиҳозланиб, ҳар бир номзодга тенг имконият яратилди. Бу эса билим ва иқтидорни ҳар қандай омилдан устун қўйишга қаратилган қабул тизимининг муҳим жиҳати бўлди.
Имтиҳон жараёнларининг очиқлигини таъминлаш мақсадида ота-оналарга ҳам қулайлик яратилди. Улар фарзандларининг тест синовларида иштирок этиш жараёнини онлайн тарзда кузатиш имкониятига эга бўлишди. Бу нафақат шаффофликни таъминлади, балки қабул жараёнига бўлган ишончни янада мустаҳкамлади.
[gallery-30251]
Мутахассисларнинг қайд этишича, саралаш жараёнида номзодларнинг фанлар бўйича билими билан бирга мантиқий фикрлаш қобилияти ва интеллектуал салоҳияти ҳам асосий мезон сифатида баҳоланади. Шу боис ихтисослаштирилган мактабларга қабул жараёни келажакда илм-фан ва рақамли технологиялар соҳасида етук мутахассислар бўлиб етишадиган ёшларни аниқлашда муҳим аҳамият касб этади.
Маълумотларга кўра, Гулистон филиалида 2026–2027 ўқув йили учун 5-синфга учта синф ташкил этилиб, ҳар бирига 24 нафардан, жами 72 нафар ўқувчи қабул қилинади. Бу эса бир ўрин учун қарийб 51 нафар номзод рақобатлашганини англатади. Юқори рақобат эса мазкур таълим муассасасининг нуфузи, таълим сифати ва унда яратилган имкониятларга бўлган қизиқиш ортиб бораётганини яққол кўрсатди.
Якуний натижаларга кўра, энг муносиб, билимли ва иқтидорли номзодлар Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг Гулистон филиали ўқувчилари сафига қабул қилинади.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат) ЎзА