Андижон давлат тиббиёт институтида “Профилактик тиббиётда илғор инновацион технологияларни қўллаш” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.
Тадбир Андижон давлат тиббиёт институти ташкил этилганлигининг 70 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Андижон вилояти ҳокимлиги, Андижон давлат тиббиёт институти ҳамкорлигида ўтказилди. Унда Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари, тиббиёт тизимида фаолият олиб бораётган илмий марказлар мутахассислари, юртимиздаги тиббиёт олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, хорижлик олимлар, ёш шифокорлар, иқтидорли талабалар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Анжуманни институт ректори, профессор Мадаминжон Мадазимов очиб, олий таълим даргоҳининг 70 йиллик тарихи, эришилган ютуқлар, малакали шифокорлар тайёрлаш борасидаги самарали ишлар хусусида гапирди. Иштирокчиларга институт тарихи ва бугуни акс этган видеоролик намойиш этилди.
Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири А.Худаяров ва Андижон вилояти ҳокими Ш.Абдураҳмоновнинг табриги ўқиб эшиттирилди. Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қ.Шарипов онлайн тарзда анжуман қатнашчиларига табрик йўллади.
Тантана доирасида институт ректори М.Мадазимов “Халқ саломатлиги посбони” кўкрак нишони билан тақдирланди.
[gallery-23123]
Кейинги йилларда мамлакатимизда барча соҳалар каби соғлиқни сақлаш тизими ҳам ривожланиб, такомиллашиб бормоқда. Ушбу жараёнда малакали, олий маълумотли кадрлар тайёрлаш муҳим вазифалардан бири сифатида белгиланган. Бу борада ташкил этилганлигининг етмиш йиллигини нишонлаётган Андижон давлат тиббиёт институти нафақат республика, балки халқаро миқёсда малакали шифокорлар тайёрлашда алоҳида ўринга эга.
Бугунги кунда институтнинг мавжуд бешта – даволаш иши, педиатрия иши, стоматология, фармация, шифокорлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш факультетларида 11 минг нафардан ортиқ талаба таҳсил олади. Шунингдек, институтда Жанубий Корея, Покистон, Ҳиндистон, Бангладеш, Непал, Янги Зеландия, Миср, Озарбайжон, Россия, Афғонистон, Қирғизистон, Қозоғистон давлатлари фуқаролари бўлган 1 минг 28 нафар талаба ўқимоқда.
Бундан ташқари, ҳозирда минг нафарга яқин профессор-ўқитувчи меҳнат қилаётган институт Италия, Ҳиндистон, Португалия, Россия, Словакия, Украина, Жанубий Корея, Хитой, Германия, Беларусь, Польша, Ливия, Туркия, Малайзия сингари 20 га яқин давлатлардаги 60 дан ортиқ тиббиёт институт ва университетлари, клиникалари билан ҳамкорлик ўрнатган.
Кейинги йилларда институтнинг профессор-ўқитувчилари, талабалари республика ҳамда халқаро миқёсдаги кўплаб кўрик-танловлар, олимпиадаларда иштирок этиб, ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олмоқда.
Халқаро илмий-амалий анжуманнинг пленар йиғилишида Россия Федерацияси, Швеция, Туркия, Германия, Австралия, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон ҳамда республикамизнинг тиббиёт мутахассислари томонидан онлайн ва оффлайн тарзда 10 дан ортиқ маърузалар ўқилди.
Маърузаларда профилактик тиббиётда илғор технологиялардан самарали фойдаланиш, уларни амалиётга татбиқ этиш, умуман, мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш, мавжуд муаммоларни бартарф этиш, илғор тажрибаларни ўрганиш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари хусусида атрофлича сўз юритилди.
– Бугун замонавий тиббиётда касалликни даволашдан кўра, унинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Андижон давлат тиббиёт институти ректори, профессор Мадаминжон Мадазимов. – Шу маънода профилактик тиббиёт соҳасига илғор инновацион технологияларни қўллаш муҳим аҳамият касб этмоқда. Ўтказилаётган анжуман ҳам айнан ана шу йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш, шунингдек, илғор иш услублари, тажрибаларни оммалаштириш, халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашни ўз олдига асосий мақсад қилган.
Йўналишлар бўйича секциялар доирасида ўтказилган машғулотларда профилактик тиббиёт, ички касалликлар, оналик ва болалик, жарроҳлик, стоматология ҳамда медико-биологик мавзуларга оид 140 дан ортиқ қизиқарли маърузалар ўқилди.
Маърузаларда профилактик тиббиёт йўналишидаги ишларни такомиллаштириш, илғор тажрибаларни оммалаштириш, илмий-тадқиқот ишларини сифат жиҳатдан янада юқори даражага кўтариш, мутахассисларнинг билим, малака ва тажрибаларини юксалтириш, хорижлик мутахассислар билан ҳамкорликни, халқаро алоқаларни кенгайтириш, даволашда янги, илғор инновацион технологияларни қўллаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари