Профессионал бокс: Тошкент жанглари халқаро майдонда кенг намойиш этилди
Пойтахтимиздаги "Ҳумо арена" спорт саройида ташкил этилган профессионал бокс оқшоми мамлакатимиз чарм қўлқоп усталарининг истеъдоди, техник-тактик имкониятлари қай даражада эканлигини яна бир карра кенг жамоатчиликка кўрсатди.
Жаҳон бокс ихлосмандларининг нигоҳини Тошкентга қаратган ушбу бокс кечасининг марказий жангида иккинчи энг енгил вазн тоифасида собиқ жаҳон чемпиони Муроджон Аҳмадалиев Венесуэла вакили Эгли Москеда билан куч синашди.

10 раундга мўлжалланган жангда Аҳмадалиев рақибини 4-раундда техник нокаут орқали муддатидан аввал мағлубиятга учратиши ортидан профессионал боксдаги ғалабалар сонини 15 тага етказди. Мусобақанинг иккинчи асосий жангида ёзги Олимпия ўйинлари ғолиби, ҳамюртимиз Лазизбек Муллажонов венесуэлалик Луис Хосе Марин Гарсия билан оғир вазн тоифасида “WBC Eurasia” камари учун жанг ўтказди.

Қизиқарли кечган баҳснинг 3-раундида ҳакам асли доминиканлик, ҳозирда Венесуэла байроғи остида турнирларда қатнашаётган Луис Гарсия ҳисобида огоҳлантиришлар кўпайгани туфайли беллашувни тўхтатди ва бу, Лазизбекнинг ғолиблигини таъминлади. Мазкур бокс оқшомида Жаҳон рингларида ўз услуби билан кўпнинг эътиборини қозонган ҳамюртимиз, Олимпия ўйинлари ғолиби Абдумалик Халаков 6 раундга мўлжалланган жангда ҳиндистонлик Вишал Кумарни техник нокаут ҳолатда мағлуб этган бўлса, 23 ёшли Шоҳжаҳон Абдуллаев ганалик Стефан Аконни 4-раундда нокаутга учратди.

Энг ўрта вазн тоифасида “WBC Eurasia” камари учун ўтган юртдошимиз Нурислом Исмоилов ва танзаниялик Лупакисьё Шоти жангида Ўзбек чарм қўлқоп устаси ғалабани тантана қилди. Исмоилов рақибини 3-раундда техник нокаутга учратди. Бу, Нурисломнинг профессионал боксдаги тўққизинчи жангидаги тўққизинчи ғалабаси сифатида ёдда қоладиган бўлди. 26 ёшли Шоти эса фаолиятидаги ўн биринчи жангида иккинчи мағлубиятни ҳамюртимиздан қабул қилди.

Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси, Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси, Бутунжаҳон бокс уюшмаси ҳамда бир қатор спорт ташкилотларининг мутасаддилари, мутахассислари, таниқли спортчилар қатнашган бокс кечасида энг яхши кўрсаткичларни қайд этганлар эътироф этилди. Уларга тегишли чемпионлик ва ғолиблик камарлари, сертификатлар тақдим этилди. Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси матбуот хизмати хабарига кўра, Тошкентда ўтган профессионал бокс кечаси тафсилотлари турли ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар орқали дунёнинг кўплаб мамлакатларидаги бокс мухлисларига тўғридан-тўғри намойиш этилди.
Т. Рўзиев, ЎзА