Профессионал бокс: Исроил Мадримов Тошкентда жанг ўтказади
Профессионал бокснинг WBA йўналиши бўйича биринчи ўрта вазн тоифасида собиқ жаҳон чемпиони Исроил Мадримов жорий йилнинг 30 октябрь куни пойтахтимиздаги кўп тармоқли “Ҳумо Арена” спорт саройида озарбайжонлик Сеймур Исаев билан жанг ўтказади.
Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси хабарига кўра, мазкур бокс оқшоми доирасида мазкур қарама-қаршиликдан ташқари бир қатор ўзбекистонлик номдор чарм қўлқоп усталари ҳам жанг ўтказиши борасида кенг кўламли музокаралар олиб борилмоқда.
Айтиш лозимки, маҳоратли боксчимиз Исроил Мадримов 2024 йил март ойида россиялик Магомед Қурбоновни 5-раундда техник нокаут билан мағлуб этиб, WBA йўналишининг биринчи ўрта вазн тоифасида жаҳон чемпионлиги камарини қўлга киритган.

Шунингдек, у фаолияти давомида Теренс Кроуфорд ва Виргил Ортиз каби бокс юлдузларига қарши муносиб жанг ўтказди.
Жорий йил январь ойида катта рингга қайтган Мадримов АҚШда ташкил этилган бокс оқшомида доминиканлик Луис Девид Салазарни очколар ҳисобида мағлубиятга учратди.
Унинг рақиби озарбайжонлик Сеймур Исаев чап қўл билан жанг қилади ва профессионал рингдаги нокаутлари билан танилган. У UBO йўналиши бўйича жаҳон чемпиони унвонини қўлга киритган.
Т. Рўзиев, ЎзА