«Pro Tour» турнирининг дастлабки кун баҳслари қизғин курашлар остида ўтди
Пойтахтимизда Ўзбекистон стол тенниси федерацияси томонидан ташкил этилган анъанавий жамоавий «Pro Tour» халқаро турнирининг дастлабки кун учрашувлари якунланди.
Юқори савияда ташкил этилган нуфузли мусобақада Ўзбекистон, Россия, Хорватия ва Қирғизистон вакиллари иштирок этиб, гуруҳ босқичининг илк баҳсларида плей-офф йўлланмалари учун курашни бошлаб юборди.
Турнирнинг тантанали очилиш маросимидан сўнг стол тенниси ихлосмандлари бир қатор қизиқарли ва кескин учрашувларга гувоҳ бўлди. Бу йилги мусобақа иштирокчилар таркиби ва халқаро даражадаги юлдуз спортчиларнинг қатнашаётгани билан алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Хусусан, мусобақада Халқаро стол теннис федерацияси (ITTF) рейтингида дунёнинг кучли 30 нафар спортчиси қаторидан жой олган, Хорватия терма жамоаси етакчиси Томислав Пуcар, Россиянинг иккинчи рақамли ракеткачиси Влада Воронина ҳамда Россия ТОП-10 талигидан ўрин олган тажрибали теннисчи Владислав Макаров каби маҳоратли спортчилар иштирок этмо қда. Бош соврин учун кураш олиб бораётган жамоалар сафида ҳам кучли таркиб жамланган.
Дастлабки куннинг марказий учрашувларидан бири Ўзбекистон вакили Мафтуна Гулимова ҳамда Қирғизистон спортчиси Саида Удусова ўртасида кечди. Учрашув давомида ҳар икки спортчи юқори маҳорат ва кучли ирода намойиш этди. Стол атрофида кечган мураккаб тактик курашда Мафтуна Гулимова устунликни қўлга киритиб, мезбонлар жамоаси ҳисобига муҳим очко келтирди.
Мусобақанинг илк кунида турли стол тенниси мактабларига мансуб спортчиларнинг услублари ҳам яққол намоён бўлди. Европа вакиллари ўзларига хос вазмин ва ҳимоявий ўйин орқали натижа қозонишга интилган бўлса, Марказий Осиё спортчилари тезкорлик, агрессив ҳужумлар ва юқори темпдаги ўйин билан ажралиб турди. Бу эса ҳар бир учрашувнинг муросасиз ва томошабоп руҳда кечишига хизмат қилди.
Шунингдек, мураббийлар штаби томонидан тайм-аутлар вақтида берилган тавсиялар ва учрашув давомида амалга оширилган тактик ўзгаришлар кўплаб баҳслар тақдирига бевосита таъсир кўрсатди. Айрим учрашувларда айнан мураббийларнинг тўғри қарорлари жамоаларга муҳим очколарни қўлга киритиш имконини берди.
Мутахассислар фикрича, Тошкентда ўтаётган «Pro Tour» халқаро турнири нафақат кучли спортчилар ўртасидаги рақобат майдони, балки маҳаллий теннисчилар учун катта тажриба мактаби ҳам ҳисобланади.
[gallery-29708]
Айни пайтда гуруҳ босқичи баҳслари давом этмоқда. Дастлабки кун натижалари жамоалар ўртасидаги рақобат ниҳоятда кескин бўлишини кўрсатди. Гуруҳ босқичи якунларига кўра плей-офф йўлланмасини қўлга киритган жамоалар номи яқин кунларда расман маълум қилинади. Турнирнинг кейинги учрашувларида эса мухлисларни янада қизиқарли ва муросасиз баҳслар кутиб турибди.
Камола ЮСУПОВА, ЎзА