Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Мақсуда Ворисова андижонлик сайловчилар билан учрашувида аҳолининг барча, жумладан, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларининг давлат ва жамият ҳаёти, суд-ҳуқуқ тизимида тенглик асосида иштирок этишини таъминлаш юзасидан таклифлар билдирди.
Номзод ўзининг сайловолди дастурида белгиланган асосий ғоя ва ташаббуслардан келиб чиқиб, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар, ногирон фарзандларни тарбиялаётган ота-оналар, оғир ижтимоий аҳволдаги аёллар учун арзон уй-жойлар қуриш кўламини кенгайтириш, уй-жойлар қуриш учун имтиёзли ипотека кредитлари бериш амалиётини такомиллаштириш, “Коммунал хизматлар тарифларини тартибга солиш асослари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш, олти ёшга тўлган болаларни бошланғич таълимга мажбурий бир йиллик тайёрлов билан бепул тўлиқ қамраб олиш, ҳар бир аҳоли пунктида мактабгача таълим муассасаларини очиш, мактаб ва мактабгача таълим муассасаларидаги ўқувчи ва тарбияланувчиларни сифатли озиқ-овқат билан кафолатли таъминлаш, бепул олий таълим бериш тизимини тартибга солишнинг замонавий механизмларини қонуний жиҳатдан мустаҳкамлаш ва амалиётга жорий этиш масалалари юзасидан ҳам ўз таклифларини айтиб ўтди.
– Номзоднинг фуқароларнинг ёши, жинси, ногиронлиги, миллати, дини ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ҳаётда фаол иштирок этишини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш ҳақидаги таклифларини тўла қўллаб-қувватлайман, – дейди Андижон шаҳридаги 24- умумтаълим мактаби ўқитувчиси Дилфузахон Тоҳирова. – Чунки, фуқаролари фаол ва ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватланадиган мамлакат шубҳасиз, барча соҳаларда жадал ривожланади.
Учрашувда Мақсуда Ворисова сайловчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарди.
Президентликка номзоднинг сайловолди дастури юзасидан фикр-мулоҳаза билдирганлар Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлиб ўтадиган сайловда номзод Мақсуда Ворисовани қўллаб-қувватлаб, унга овоз беришга чақирди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат),
ЎзА