Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Мақсуда Ворисова Тошкент вилоятилик сайловчилар билан учрашувда сайловолди дастуридаги аҳолининг барча қатламларига юқори сифатли ва тўлақонли тиббий ёрдам кўрсатиш борасида амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларга тўхталди.
– Бирламчи тиббий ёрдам сифати, айниқса, кам таъминланган аҳолига малакали бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш тармоғини янада ривожлантириш зарур, – деди М.Ворисова. – Бу борада аҳолини, жумладан, кам таъминланган оилаларни, ногиронлиги бўлган шахсларни, бошқа ижтимоий-демографик заиф гуруҳларни юқори технологияларга асосланган тиббий ёрдамдан фойдаланган ҳолда, ҳар йили бепул кўрикдан ўтказишни ташкил этиш керак.

Шунингдек, аҳолининг алоҳида тоифалари, жумладан, пенсионерлар, ногиронлиги бўлган шахсларга тақдим этиладиган дори ва протезлаш воситалари ва бошқа тиббий-ижтимоий хизматларни бепул тақдим этиш тизимини такомиллаштириш лозим. “Дори-дармонлар ва тиббий воситалар нархларини давлат томонидан тартибга солиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш даркор.
Учрашувда мазкур йўналишдаги вазифалар атрофлича таҳлил қилинди.
А.Мусаев, ЎзА