Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 80-сессиясидаги нутқи бўйича Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Баҳром Абдуллаев ўз фикрларини билдирди:
– Давлатимиз раҳбарининг БМТ Бош Ассамблеясидаги мунтазам чиқишлари мамлакат ташқи сиёсатининг асосий векторига айланди.
2017 йилдан буён илгари сурилган ташаббуслар нутқ даражасидан амалий қарор ва резолюцияларга кўчиб, инсон ҳуқуқлари, диний бағрикенглик, Оролбўйи экологияси, транспорт-коммуникация боғлиқлиги, ёшлар сиёсати ва иқлим хавфсизлиги каби йўналишлар бугун Ўзбекистон ташқи сиёсий “портфели”нинг ўзагини ташкил этмоқда.

2017-2023 йилгача бўлган даврда давлатимизда инсон ва жамият масалалари доирасида ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ҳужжатлар ишлаб чиқишга чақириқ янграган ва “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси орқали муросасизликка қарши глобал кун тартиби шаклланган эди.
Минтақавий ҳамкорлик борасида Марказий Осиё раҳбарларининг маслаҳат учрашувлари йўлга қўйилди, Афғонистон бўйича Тошкент конференцияси ўтказилди ва минтақавий ҳамкорлик ҳақида резолюция қабул қилинди.
Экология ва иқлим йўналишида Оролбўйи экологик инновациялар ҳудуди сифатида эътироф этилди ва денгиз тубини яшиллаштириш орқали глобал экологик муаммога амалий ечим таклиф этилди.
Инфратузилма ва алоқадорлик соҳасида эса 2021 йилда транспорт-коммуникация боғлиқлигини кучайтириш ташаббуси илгари сурилиб, Евроосиё кенг фазосини боғлайдиган йўлакларга қўшилиш манфаати янада ойдинлашди. Умуман, ушбу босқич Ўзбекистоннинг декларатив баёнотлардан амалий ижрога қатъий ўтганини кўрсатди.
Эндиликда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида Президентимиз Шавкат Мирзиёев замонавий глобал хавф-хатарларга жавоб берадиган янгиланган ёндашувларни таклиф этди. Ички ислоҳотлар ва инклюзив ўсиш йўналишида камбағалликни кескин қисқартириш, таълим қамровини ошириш, ўқитувчи нуфузини юксалтириш ва соғлиқни сақлашни модернизация қилиш вазифалари белгиланди.
Ёшлар ва гендер масалаларида Осиё хотин-қизлар форумини доимий платформага айлантириш ҳамда ёшларни тинчлик, дўстлик ва гуманизм руҳида тарбиялашга қаратилган “Жаҳон ёшларининг тинчлик сари ҳаракати” ташаббуси илгари сурилди.
Сув, иқлим ва миграция мавзуларида Сувни тежаш бўйича Бутунжаҳон форумини ўтказиш, Оролбўйини тиклаш ишларини изчил давом эттириш ва иқлим миграциясига оид глобал пакт заруратини кун тартибига қўйиш таклиф этилди.
Хавфсизлик ва дипломатия масалаларида Афғонистоннинг яккаланиб қолмаслиги зарурлиги қайд этилди. Ушбу мамлакат орқали халқаро транспорт-энергетика йўлакларини ривожлантириш бўйича алоҳида резолюция қабул қилиш мақсадга мувофиқ экани айтилди. Шунингдек, терроризмдан жабрланганларни реабилитация қилиш бўйича минтақавий марказни халқаро компетенциялар хаби даражасига олиб чиқиш таклифи билдирилди.
Бу Ўзбекистоннинг ички ислоҳотлари билан ташқи ташаббуслари ўзаро узвий боғлиқлигини кўрсатиш билан бирга келгусида амалий натижалари билан нафақат мамлакатимиз ёки минтақамиз, балки жаҳон миқёсида ўз самараси беради.
Н.Абдураимова, ЎзА