Президентимиз Шаҳрисабз шаҳрининг тарихий марказида жойлашган “Дорут тиловат” мажмуасини зиёрат қилди
Уламолар билан мулоқотда халқимиз фаравонлиги йўлида амалга оширилаётган хайрли ишлар ҳақида сўз юритилди.
Таомилга биноан ўтганлар хотираси ёд этилиб, Қуръон тиловат қилинди.
“Дорут тиловат” мажмуаси Кўк гумбаз масжиди, Шайх Шамсиддин Кулол, Гумбази Сайидон мақбаралари ва ҳужралардан иборат бўлиб, улар, асосан, XIV аср охири XV асрнинг биринчи ярмида бунёд этилган. “Дорут тиловат” сўзи “Қуръон ўқиладиган ёки тиловат қилинадиган жой” маъносини англатади.
Кўк гумбаз масжиди буюк олим ва давлат арбоби Муҳаммад Тарағай Улуғбек томонидан 1434-1435 йилларда қурилган. Мирзо Улуғбек масжидни отаси Шохрух номидан бобоси Амир Темур шарафига бунёд этган. Кириш пештоқининг равоғида уларнинг номлари ва қурилиш санаси битилган.
Шайх Шамсиддин Кулол мақбараси XIV аср охирида барпо этилган. Шайх Шамсиддин Кулол ал Фохурий Амир Темур ҳамда унинг отаси Тарағай Баҳодирнинг устози ва пиридир. У 1370 йилда вафот этган. Амир Темур устози қабри устига мақбара қурдирган.
Гумбази Сайидон мақбараси 1437 йилда Мирзо Улуғбек фармони билан қурилган. Мақбара ичида XV-XVII асрларга оид бир нечта қабр тошлари бор. Бу қабр тошлар термизлик сайидларга тегишли бўлиб, бир-биридан катта-кичик ҳолатда жойлаштириб қўйилган. Маълумки, сайидлар Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) авлодидан бўлиб, улуғ зотлар ҳисобланади. Шунинг учун ҳам мақбаранинг номи Гумбази Сайидон, яъни Сайидлар гумбази деб ном олган.
Уламолар билан мулоқотда халқимиз фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган хайрли ишлар ҳақида сўз юритилди.