Кеча 30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ўз соҳасида фаоллик кўрсатган, ташаббускор, илмли ва фидойи ёшлар билан учрашди. Бу учрашувда иштирок этиш ва келажак бунёдкорлари билан бир сафда бўлиш ҳар бир ўзбекистонлик ёш учун катта шараф ва масъулиятдир.
Ўзбекистон етакчиси ўз нутқида сўнгги йилларда олиб борилаётган ислоҳотлар, хусусан ёшларимиз эришаётган натижалар, келгуси режаларга тўхталиб ўтди. Айниқса, “илм – тарбия – инновация” тамойили асосида барпо этилаётган янги тизимнинг илк самаралари кўринаётганини алоҳида таъкидлади.
– Мамлакатимиз ёшлари ТOP-500 олийгоҳларига кириши бўйича Марказий Осиёда биринчи ўринга чиққани бу йўлдаги ютуқларимизни тасдиқлайди, – деди Президентимиз.

Дарҳақиқат, бугунги кунда юзлаб ёшларимиз дунёнинг энг нуфузли олий ўқув юртларида TOP-100 ва TOP-300 рўйхатига кирган университетларда таҳсил олмоқда. Бу Ўзбекистон ўғил-қизларининг халқаро майдондаги юқори салоҳиятидан дарак.
Президент ёшларни касбга йўналтириш, тадбиркорликка рағбатлантириш бўйича ҳам муҳим ташаббусларни илгари сурди. Жумладан, 108 нафар илғор тадбиркор-муаллим 300 дан ортиқ мактабда ўқувчиларга касбий билим беришга киришган. Энг муҳими, бу ёшлар ўз келажагини аниқ белгилаб олган. Давлат раҳбари бундай ташаббускор ёшларни “менинг қанотларим” деб атади ва уларнинг ортида турганини билдирди.
Яна бир диққатга сазовор жиҳат – “Яшил иқтисодиёт”, сунъий интеллект, биоинжиниринг, рақамли геология, технологик минераллар каби истиқболли йўналишларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. “AI Study” платформаси орқали 100 мингга яқин ёш сунъий интеллект соҳасини чуқур ўрганишга киришади. Келгусида барча ўқувчилар айни соҳада етарли билимга эга бўлиши режалаштирилган.
Инновация ва стартапларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 145 миллион доллар венчур сармоя ажратилган бўлиб, бу кўрсаткич қисқа фурсатда 1 миллиард долларга етказилиши кутиляпти. Шунингдек, мактаб ва олийгоҳларда “бизнес ва моҳирлик соати” жорий қилиниб, ёшлар ўз ғояларини реал стартапларга айлантириш имконига эга.
Умуман, бугунги кун ёшлари нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё тараққиётининг ҳаракатлантирувчи кучига айланмоқда. Шундай экан, Президентимиз илгари сурган ҳар қандай ташаббус ва ислоҳотни тўлиқ қўллаб-қувватлаб, ҳаётга татбиқ этиш, ҳар бир тенгдошимиз салоҳиятини рўёбга чиқаришда ёшлар етакчилари сифатида биз фаоллик кўрсатамиз.
Комилжон Суяров,
ТДШУ ёшлар етакчиси,
Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси ҳузуридаги
Ёшлар парламенти раиси ўринбосари