Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 18-19 февраль кунлари Наманганга ташрифида вилоят ижтимоий-иқтисодий ҳаётига дахлдор муҳим масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, Наманган шаҳридаги 26-сонли “Меҳрибонлик уйи” тарбияланувчилари билан ўтказилган учрашув бу масканда камол топаётган болалар қалбидан чуқур жой олиб, келажакка умид, ишонч берди. Боиси, давлатимиз раҳбари унутилмас учрашувда меҳрибонлик тарбияланувчиларининг талаб ва истакларини сўраб, ўрганди.
60 нафар ўғил-қиз вояга етаётган ушбу муассаса ташрифнинг эртасига Республика вазирлик ва идоралари раҳбарлари билан гавжум бўлди. Президент маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Қаҳрамон Қуранбоев, Маданият вазири, Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков, Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев, Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов Меҳрибонлик уйида бўлди.
— Фарзандларимиз юртимизда ҳеч қачон эътибордан четда қолмайди. Улар давлат раҳбариятининг доимий ғамхўрлигида бўлади, – деди Шавкат Абдураззоқов. –Президентимиз кўрсатмаларига биноан бу йил “Меҳрибонлик уйи” тарбияланувчиларидан 44 нафари учун янги уй-жойлар қуриб берилади.
Тантанали тадбирда давлатимиз раҳбарининг ташрифи давомида билдирилган таклиф ва орзу-истаклар рўёби сифатида болажонларга ноутбук, планшет, уяли телефон, магнитафон, мусиқий чолғу асбобларидан иборат Президент совғалари топширилди.
— Юртбошимизни Меҳрибонлик масканига келишларини кутмаган эдик, – дейди Наманган шаҳридаги 26-сонли “Меҳрибонлик уйи” директори Дилором Абдураҳимова. – Ташриф, айниқса, болажонлар учун катта совға бўлди. Уларнинг қанчалик қувонганларини айтмайсизми? Президентимиз болалар билан учрашувда ҳар бир боланинг хоҳиш-истагига мос совғалар юборишини айтганди. Орадан бир кун ҳам ўтмай айтилган совғалар тақдим этилди. Тасвирий санъатга ошуфта икки нафар тарбияланувчимиз – Шоира Машрабова ва Муҳаммадюсуф Тўхтасиновни олий ўқув юртига давлат гранти асосида қабул қилиниши ҳақидаги хушхабар барчамизга шодлик улашди.
Ташрифда эртамиз эгалари учун шароитларни яхшилаш борасида бир қатор вазифалар топширилганди. Айни шундан келиб чиққан ҳолда “Меҳрибонлик уйи” биносини капитал таъмирлаш, янги мебеллар тўплами билан таъминлаш, Чуст туманида жойлашган “Меҳржон” дам олиш масканини тўлиқ қайта қуриш вазифалари белгиланди.
— Президентимиз билан учрашув ҳаётимдаги энг унутилмас кун бўлиб қолади, – дейди “Меҳрибонлик уйи” тарбияланувчиси Шоира Машрабова. — Биз билан дилдан суҳбатлашдилар. Чизган суратларимизни кўрсатдик, роса қувондилар, Сизларга нималар керак, деб сўрадилар. Юртбошимиз ғамхўрликлари туфайли Наманган Давлат университетида ўқиш истагим амалга ошишидан жуда қувондим. Келажакда етук рассом бўлиб, билдирган ишончларини оқлашга ваъда бераман.
Оқилхон Дадабоев,
ЎзА