Давлатимиз раҳбари томонидан Қашқадарё вилояти Касби тумани Қамаши маҳалласи мисолида республикамизнинг ҳар бир туманида камида биттадан “Обод маҳалла маскани” ташкил этиш топшириғи берилган эди.
Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида Самарқанд вилоятида 23 маҳаллада “Обод маҳалла маскани" ташкил этилмоқда. Жумладан, Булунғур туманида "Мингчинор" маҳалла фуқаролар йиғини танланиб маҳалла қиёфасини намунали тарзда тартибга келтириш, аҳолига ҳар томонлама қулайлик яратиш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилди.
Пиёдалар йўлаклари, work-out майдончалари барпо қилинди. 27 та янги тадбиркорлик субъекти фаолияти йўлга қўйилди. Пойабзал таъмирлаш, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш устахоналари, 2 та сартарошхона, 2 та тикувчилик цехи, 1 та гўзаллик салони ва 6 та савдо дўкони ташкил этилди.
Жорий йилнинг январь-август ойлари давомида 116 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди. “Темир дафтар” га киритилган 34 та оилага ва “Ёшлар дафтари” га киритилган 96 нафар ёшларга кўмак ва ёрдам кўрсатилиб, дафтардан чиқарилди. “Обод маҳалла маскани”да 11 турдаги хизмат кўрсатиш шохобчалари ташкил этилиши билан 45 нафар фуқаро бандлиги таъминланди.
[gallery-8389]
Жумладан, “Темир дафтар” га киритилган 3 нафар, “Аёллар дафтари” га киритилган 11 нафар, “Ёшлар дафтари” га киритилган 4 нафар ёшлар ҳамда маҳалладаги 27 нафар ишсиз фуқаролар доимий иш ўринларига эга бўлди.
– Туманимиз қиёфасини ўзгартириш ва маҳаллаларни обод қилиш борасидаги ишларимиз Мингчинор маҳалласи билан чекланиб қолгани йўқ, – дейди Булунғур тумани ҳокими С.Астанов. – Йил бошидан буён “Оғир ҳудуд” лойиҳаси доирасида Булунғурариқ маҳалласи обод қилинган бўлса “Обод қишлоқ” Давлат дастури бўйича Боғбон маҳалласи Бот-бот қишлоғи ҳамда Чорбоғ маҳалласи Чорбоғ қишлоқларида ободонлаштириш, бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.
"Обод маҳалла маскани"нинг очилиш тадбирида туман “Маҳаллабай” ишлаш маркази томонидан “Темир дафтар”да рўйхатда турган 37 нафар фуқарога мотокультиватор, тикув машинаси, пишириқ печи каби асбоб-ускуналар берилди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА