Президент ташаббуслари минтақа мамлакатлари учун бирдек аҳамиятли (+видео)
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Остона шаҳрида Оролни қутқариш халқаро жамғармаси (ОҚХЖ) таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этди.
Мазкур экологик саммитда Орол денгизи ҳавзасида экология, сув ресурсларини бошқариш ва ижтимоий-иқтисодий ҳолатни яхшилашнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Унда Президентимиз нутқ сўзлаб, минтақа экологик барқарорлигига хизмат қилувчи бир қатор муҳим таклиф ва ташаббусларни илгари сурди.
Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Одилжон Мамадалиев ўз муносабатини билдирди.
Депутат қайд этганидек, давлатимиз раҳбарининг саммит кун тартиби доирасида илгари сурган ташаббуслари минтақада экологик хавфсизликни таъминлаш ва табиий мувозанатни сақлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни янги босқичга олиб чиқади. Умуман, бир-бирини тўлдирувчи 8 та муҳим йўналишдаги ҳар бир таклиф аниқ муаммо ва унинг ечимларини акс эттириб, минтақа мамлакатлари учун бирдек зарур ва аҳамиятли.
Жорий йилдан бошлаб Оролни қутқариш халқаро жамғармасига раислик Ўзбекистонга ўтди.
Шунингдек, Президентимиз томонидан 2026-2036 йилларни “Марказий Осиёда сувдан оқилона фойдаланиш бўйича амалий ҳаракатлар ўн йиллиги” деб эълон қилиш таклифи билдирилди ва бу минтақа давлатлари томонидан бирдек қўллаб-қувватланиб, қарор қабул қилингани эътиборга молик.
<iframe width="815" height="458" src="https://www.youtube.com/embed/ROcasgi8EB0" title="Prezident tashabbuslari mintaqa mamlakatlari uchun birdek ahamiyatli" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳтарама Комилова,
Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА