Президентимизнинг 2021 йил январь ойида Бухоро вилоятига ташрифи чоғида Ғиждувон туманидаги “Барака” ва Қоракўл туманидаги “Дўрмон” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида “Янги Ўзбекистон” массивларини қуриш бўйича топшириқ берилган эди.
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 5 апрель куни янги уй-жойлар қурилиши ва 2023 йилги ипотека дастури бўйича устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида “Янги Ўзбекистон” массивларининг қурилиши борасидаги ишларнинг ижроси танқидий муҳокама қилинди.

Айрим вилоятларда ер тўғри танлангани, инфратузилма яратилгани натижасида қурилиш жадал кетаётгани, лекин қолган вилоятларда бу ишлар кечикаётгани кўрсатиб ўтилди. Шу жумладан, Бухоро вилоятидаги айрим камчиликлар ҳам танқид қилинди. Вилоят ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосарига нисбатан интизомий чора кўрилди. Мутасаддиларга инфратузилма, қурилиш ва сотув билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишга оид топшириқлар берилди.

Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов вилоят секторлар раҳбарлари ва тегишли ташкилот мутасаддилари билан биргаликда танқиддан тўғри хулоса чиқарган ҳолда мазкур ҳудудларда бўлиб, бажарилаётган бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишди.

Айни вақтда мазкур топшириқ ижроси доирасида ажратилган жами 65 гектар ер майдонида “Янги Ўзбекистон” массивлари қурилмоқда. Ўтган йили қурилиши бошланган 36 та кўп қаватли, 720 хонадонли арзон уй-жойда монтаж-пардозлаш, зарур муҳандислик коммуникация тармоқларини тортиш ва ўрнатиш ишлари якунига етказиляпти.

Хусусан, Ғиждувон туманидаги массивда 129 та беш қаватли, жами 2 минг 580 та хонадонга мўлжалланган замонавий, энергия тежамкор уй-жой барпо этилаётган бўлса, ижтимоий соҳа объектлари бўйича умумтаълим мактаби, 2 та мактабгача таълим ташкилоти ҳамда соғлиқни сақлаш муассасасини барпо этишга киришилмоқда. Бу турар жойларнинг ҳар бири ҳадемай 20 та ёш оилани ўз бағрига олиши ҳисобидан ҳудудда обод ва кўркам шаҳарча вужудга келади.

Қоракўлдаги “Янги Ўзбекистон” массивида 12 та, жами 240 та хонадонга эга кўп қаватли турар жой мажмуаси қурилмоқда. Ҳудудда келгуси 4 йил давомида барпо этиладиган кўп қаватли уйлар сони 70 тага, аҳоли хонадони эса 1 минг 400 тага етказилиши назарда тутилган. Биргина, якунланган йилда ҳудудда 100 қатновга мўлжалланган оилавий поликлиника қуриб битказилди. Шунингдек, Дўрмонда ҳозирда 120 ўринли мактабгача таълим ташкилоти биноси ёнида қўшимча 240 ўринли яна бир янги мактабгача таълим ташкилоти қурилиши бошланиш арафасида. Бу масканда ўқувчилар қамрови 2026 йилгача 330 тадан 990 ўринга етказилиши кутилмоқда.

Ўрганишлар давомида коммунал соҳалар, шунингдек канализация қувурларини тортиб уларни якунига етказиш, ижтимоий объектлардаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш, ички йўлларни таъмирлаш, қурилиш ишларини қисқа муддатда ва сифатлилигига алоҳида аҳамият қаратиш лозимлигини таъкидлади. Шунингдек, уй-жойларнинг том қисмига қуёш панелларини ўрнатиш, массив теварак-атрофини тартибга келтириш, қурувчи-ишчилар сонини янада кўпайтириш, ички йўлларни бетонлаштиришни тез муддатда сифатли якунига етказиш бўйича тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берди.
Зариф Комилов, ЎзА