Президент таълим муассасалари агентлигида агентлик ҳузурида ташкил этилган Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш марказининг фаолияти юзасидан матбуот анжумани ташкил этилди.
Халқаро тренерлар, хорижлик мутахассислар иштирок этган анжуманда марказ олдида турган устувор вазифалар, жумладан Агентлик тизимидаги таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда малака ошириш курсларини ташкил этиш масалалари ҳақида сўз юритилди.
Шунингдек, Агентлик тизимидаги педагог кадрларнинг малакасини оширишга қўйиладиган давлат таълим талабларини ишлаб чиқиш, таълим ва илмий-тадқиқот соҳаларига доир инновацион лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда педагог кадрларнинг малакасини оширишга қўйиладиган давлат таълим талабларини ишлаб чиқиш устида иш олиб борилаётгани маълум қилинди.

Бугунги кунда Агентлик таркибидаги мактабларда 710 нафар маҳаллий ва 121 та хорижий ўқитувчилар фаолият юритмоқда. Улардан 70 фоизи халқаро сертификатга эга. Бу марказ ҳам барча ўқитувчиларнинг малакасини ошириш, бугунги кун талабларига жавоб бера оладиган педагог кадр сифатида шаклланишига хизмат қилади. Анжуманда марказ томонидан педагог кадрлар учун 7-12 февраль кунлари бўлиб ўтадиган “Замонавий тренер дастури” номли тренинг машғулотлари ва уларнинг долзарблиги каби масалаларга тўхталиб ўтилди.
– Бу каби тренинглардан кўзланган мақсад халқаро талабларга таянган ҳолда илғор педагогик технологияларни амалда қўллаш ва иқтидорли ёшлар билан ишлашнинг ўзига хос методларини жорий этиш бўйича амалий машғулотлар ўтишдан иборат. Айни пайтда, марказ қошида педагоглар малакасини оширишнинг махсус платформасини яратиш устида иш олиб борилмоқда, – деди Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш маркази директори Шерзод Якубов.

Анжуман доирасида мазкур платформа ҳақида батафсил маълумот берилди. Марказ томонидан педагогларнинг касбий маҳоратини ошириш мақсадида кўплаб халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, Cambridge Assessment International Education билан ҳамкорликда PDQ (Professional development qualification) - касбий ривожланиш лойиҳаси дастури устида иш олиб борилмоқда.
Файзулло Яҳёев,
ЎзА