Сайхунобод туманидаги Пахтакон маҳалласида яшовчи Турсунбой ота Ариповни нафақат туманда, балки вилоятда ҳам кўпчилик миришкор боғбон сифатида билади.
Отахон меҳнат фаолиятини 15 ёшида колхозда сувчиликдан бошлаган.Кейинроқ туманда ташкил этилган бўрдоқичилик чорва фермасида 40 йил меҳнат қилди.
2011 йилда нафақага чиққач, томорқасида узумчилик билан шуғуллана бошлади. Узоқ йиллар узум етиштириб, ток парваришининг ҳадисини олди. Ҳозир узумнинг ризамат, ҳусайни, келин бармоқ, шоҳонаки, кетмон соп каби навларини кўпайтирмоқда. Отахон янги “абатар” навини пайванд қилганини айтди.
Турсунбой ота турмуш ўртоғи Иноятхон ая билан 3 ўғилни тарбиялаб элга қўшди. Бугунги кунда чол-кампир 16 нафар невара-чевара ардоғида. Ўғиллари Азизжон, Азимжон Азаматнинг катта томорқаларида ҳам узумнинг кўплаб навлари парвариш қилинмоқда.
– Президентимизнинг туманимизга ташрифи менинг ҳаётимда энг бахтли, эсда қоларли кун бўлди, – дейди Турсунбой ота. – Ташриф чоғида Юртбошимиз менга “Трекер” автомашинасини совға қилди. Кейин маҳалладаги узум етиштирувчиларга мураббийлик қилишимни айтди. Ишонсангиз, ҳалигача ҳаяжоним босилгани йўқ. Хушхабарнинг қўшқаноти бўлади, деганларидек, маҳалла- кўй, туманимиз, вилоятимиз, қолаверса, водийдаги қариндошлар, дўст-биродарларнинг табриклари оғушида яшаяпман. Фарғона водийсининг Олтиариқ туманидаги Узумчи маҳалласи сингари энди бизнинг маҳалла аҳолиси ҳам узумчилик билан шуғулланади. Ҳамқишлоқларимга бу борада қўлимдан келганича хизмат қиламан.
Отанинг кенжа ўғли Азамат анчадан буён Россияда ишларди. Давлат раҳбари ташрифидан хабар топгач, уйдагиларга “Қандай зўр имкониятлар берилаяпти. Мен энди ўзимизда ишлайман, деб 3-4 кун олдин уйига қайтиб келди. Энди кредит олиб паррандачилик билан шуғулланиш ниятида.
Айни кунларда отахоннинг ҳовлиси узумчиликка қизиққан боғбонлар билан гавжум. Президентимизнинг совғаси минглаб одамларни, айниқса, ёшларни меҳнатга руҳлантирмоқда.
Шуҳрат Суяров, Шаҳриёр Ортиқбоев (сурат),
ЎзА мухбирлари