Президент Шавкат Мирзиёевнинг МДҲ давлат раҳбарлари кенгашининг тор доирадаги мажлисидаги нутқидан асосий фикрлар
“Ҳамдўстликнинг 35 йиллик даврида кўп нарсалар ўзгарди, аммо энг асосий масала ўзгармасдан қолди: мамлакатларни яқин инсоний муносабатлар, умумий тарих ва ҳамкорликнинг улкан салоҳияти боғлаб келмоқда”;
“Дунё тубдан ўзгармоқда, зиддиятлар ортиб, одатий иқтисодий алоқалар қайта қурилмоқда. Бундай вазиятда ишончни мустаҳкамлаш, позицияларни тез-тез уйғунлаштириб бориш ва келишувларнинг реал натижа беришига эришиш айниқса муҳимдир”;
Давлатларнинг умумий салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш ва савдо-инвестиция соҳасидаги шерикликни янги босқичга олиб чиқиш зарурлиги таъкидланди;
Товар айирбошлашдан қўшилган қийматнинг тўлиқ занжирларини биргаликда яратишга босқичма-босқич ўтиш мақсадга мувофиқлиги қайд этилди;
Эркин савдо зонасининг чекловларсиз тўлиқ фаолият юритишини таъминлаш зарурлигига урғу берилди;
Техник тўсиқларни бартараф этиш, мувофиқлик сертификатлари ўзаро тан олинишини таъминлаш ва давлат харидларидан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш муҳим экани кўрсатиб ўтилди;
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бўйича давлат харидлари соҳасида ўзаро бозор очишни кенгайтириш тўғрисидаги битим, шунингдек, Озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги ҳамкорлик дастури тез фурсатларда келишиб олиниши ва тасдиқланишига умид билдирилди;
Озиқ-овқат ва ўғитлар экспортига чекловлар киритишдан олдин ўзаро хабардор қилиш ва маслаҳатлашиш механизмини жорий этиш таклиф қилинди;
Интеграциялашган логистика марказларини ташкил этиш, транзит харажатларини сезиларли даражада қисқартириш, юк ташиш қоидаларини бирхиллаштириш ҳамда МДҲда ягона транспорт ахборот тизимини шакллантириш мақсадга мувофиқлиги қайд этилди;
Туркманистон томонининг 2029 йилни Ҳамдўстликнинг транспорт боғлиқлиги йили деб эълон қилиш ҳақидаги ташаббуси қўллаб-қувватланди;
Минтақанинг энергетик жиҳатдан боғлиқлигини яқин ўн йилликларда ривожлантириш бўйича узоқ муддатли прогноз зарурлиги қайд этилди;
Кам углеродли технологияларни жадал жорий этиш ва ёпиқ циклдаги ишлаб чиқаришларни ривожлантириш зарурлиги таъкидланди. Саъй-ҳаракатларни бирлаштириш учун МДҲнинг ресурслардан самарали фойдаланиш ва айланма иқтисодиёт соҳасида ҳамкорлик концепциясини ишлаб чиқиш таклиф қилинди;
Давлатлараро гуманитар ҳамкорлик жамғармаси форматини кенгайтириш орқали маданий-гуманитар алоқаларни янада ривожлантириш учун яхши имкониятлар мавжудлиги билдирилди;
“Маданий сиёсат ва креатив индустриялар” форумини ташкил этиш таклиф қилинди;
Кибержиноятчиликка қарши курашиш соҳасида Ички ишлар вазирлари кенгашига МДҲ Қўшма алоқа марказини ташкил этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқишни топшириш таклифи билдирилди.