Президент Шавкат Мирзиёев раислигида видеоселектор йиғилиши бошланди
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида биринчи чорак кўрсаткичларини тармоқ ва ҳудудлар кесимида танқидий таҳлил қилиш ва йилнинг қолган даврида қилинадиган ишлар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши бошланди.
Биринчи чорак якуни билан ялпи ички маҳсулотимиз 8,7, саноат 8, хизматлар 16,1, қишлоқ хўжалиги 5,1 фоизга ўсди. Экспорт 5,8 миллиард доллар, хорижий инвестиция ҳажми эса 13,7 миллиард долларни ташкил қилди. Инфляция йиллик ҳисобда биринчи марта 7,1 фоизгача пасайди.
Буларнинг ҳисобига январ-март ойларида бюджет даромадлари ўтган йилга нисбатан 35 фоизга кўпайиб, 103 триллион сўмга етди. Маҳаллий бюджетларда қўшимча 2 триллион 200 миллиард сўм маблағ шаклланди.
Муҳими, шундан 1 триллион 400 миллиард сўм туман ва шаҳарлар ихтиёрида қолди.
– Келаси ой 2 миллиард 400 миллион долларлик давлат активларининг 30 фоизини илк бор халқаро фонд бозорларига чиқарамиз. Бу Миллий инвестиция жамғармасини ташкил қилиб, 13 та стратегик корхона бошқарувини нуфузли “Franklin Templeton” компаниясига берганимиз учун бўляпти.
Бир нарсани билинглар: иқтисодиётимизни халқаро миқёсда янги даражага олиб чиқиш учун чуқур ўйлаб, якуний қарорга келганмиз, – деди давлатимиз раҳбари.
ЎзА