Президент Шавкат Мирзиёев Озарбайжонда “Йил одами” деб эътироф этилди
Тадбирда мамлакатимизда рўйхатдан ўтган дипломатик корпус вакиллари, жумладан, қатор хорижий давлатларнинг элчилари, халқаро ташкилотлар вакиллари, мамлакатимиз тегишли вазирлик, идоралари масъул мутасаддилари, кенг жамоатчилик иштирок этди.
Пойтахтимиздаги “Hyatt Regency” меҳмонхонасида Озарбайжонда нашр этиладиган “Тарихий шахслар” халқаро журналининг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Йил одами” деб эътироф этилиши ҳамда умуман Ўзбекистонга бағишланган махсус сони тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирда мамлакатимизда рўйхатдан ўтган дипломатик корпус вакиллари, жумладан, қатор хорижий давлатларнинг элчилари, халқаро ташкилотлар вакиллари, мамлакатимиз тегишли вазирлик, идоралари масъул мутасаддилари, кенг жамоатчилик иштирок этди.
“Тарихий шахслар” халқаро журналининг Озарбайжон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги элчихонаси ҳамда Элчихона ҳузуридаги Гейдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданий маркази кўмагида чоп этилган рус тилидаги махсус сонида, жумладан, шундай сўзлар келтирилган:
“Тарихий анъаналарни тиклаш йўлидаги сермаҳсул фаолияти, Ўзбекистон Республикасининг сиёсий ва иқтисодий нуфузини жаҳон миқёсида оширишдаги мислсиз саъй-ҳаракатлари, шунингдек Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги дўстона алоқаларни ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси учун Озарбайжоннинг “Тарихий шахслар” халқаро журнали Таҳрир ҳайъати аъзоларининг якдил қарори билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йилда “Йил одами” деб эътироф этилди”.
Таъкидлаш жоиз, Озарбайжонда 2006 йилдан буён чоп этиладиган ушбу журнал анъанавий равишда давлат раҳбарлари ва таниқли давлат арбоблари орасидан “Йил одами”ни эълон қилиб келади. Ҳозиргача бундай шарафли номга Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин сингари шахслар сазовор бўлган.