Кегейли туманида Қорақалпоғистон Республикасида саноатини ривожлантириш, қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказилмоқда.
Президент йиғилишда Қорақалпоғистон аҳолиси фаровонлигини янада оширишга қаратилган 3 та янги ташаббусни илгари сурди.
Биринчи ташаббус доирасида Қорақалпоғистондаги 452 та маҳалланинг ҳар бирига тўғридан-тўғри 500 миллион сўмдан қўшимча маблағ ажратилади.
Бунинг учун алоҳида Қорақалпоғистон маҳаллаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил қилиниб, унга жорий йилда 250 миллиард сўм ажратилади.
– Наврўз байрами ва “Маҳалла куни” арафасида маҳалла раислари, имомларни рағбатлантирдик. Қорақалпоғистонда азал-азалдан ўзига хос тизим – “кўча-бий”лар бор. Одамларимизнинг ҳаётини яхшилашга ҳисса қўшаётган бундай жонкуяр инсонлар меҳнатини ҳам муносиб рағбатлантириш керак, деб ўйлайман, – деди давлатимиз раҳбари.
Иккинчи ташаббус. Бугунги кунда Қорақалпоғистонда 47 минг уй-жой ва кўчмас мулкларнинг кадастри йўқ.
Бу – одамларимизни ипотека олиш, томорқасида деҳқончиликка кредит, субсидия олиш, яшаётган бошпанасини фарзандларига мерос қолдириш имкониятини чеклаяпти. Шу сабабли кейинги икки ойда 38 минг одамнинг кадастри тўлиқ қилиб берилади.
Учинчи ташаббус. Бугун Қорақалпоғистонда йилига 6,5-7 мингта уй-жойга талаб бор.
Шу боис, 2023 йил ўтган йилга нисбатан 2 баравар кўп ёки 4 мингта уй-жой қурилади.
– Бунга қўшимча қилиб, фақат Қорақалпоғистон аҳолиси учун янги имконият яратамиз. Яъни, замонавий лойиҳа асосида 4 минг якка тартибдаги уй-жой қуришга 4 сотихдан ер ажратилади. Инфратузилмасини ҳам қилиб берамиз, – деди Шавкат Мирзиёев.
ЎзА