
Жорий йил 11 март куни “Тошкент шаҳридаги истеъмолчиларни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори имзоланди.
Мазкур қарорда Тошкент шаҳридаги истеъмолчиларнинг энергия ресурсларига ўсиб бораётган талабини таъминлаш ва электр тармоқларининг ўтказувчанлик қобилиятини ошириш кўзда тутилган.
Тошкент шаҳрининг қўшимча электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қоплаш мақсадида “ACWA Power” (Саудия Арабистони) компанияси иштирокида Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманидаги “Ўзсувтаъминот” АЖ ҳудудида қуввати 400 МВтли қуёш фотоэлектр станциясини қуриш лойиҳасининг биринчи босқичи қувватларини (100 МВт) ҳамда “China Gezhouba Group Investment Company Co.,Ltd” (Хитой Халқ Республикаси) компанияси иштирокида Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида қуввати 700 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станциясини қуриш лойиҳасининг биринчи босқичи қувватларини (100 МВт) жорий йил якунига қадар ишга тушириш белгиланган.
Қарор билан Энергетика вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, “Навоий КМК” АЖ, “Олмалиқ КМК” АЖ, “Ўзавтосаноат” АЖ ва “Ўзметкомбинат” АЖнинг таклифларига асосан 2023 йилда Тошкент шаҳри электр таъминотини яхшилашга қаратилган 35–110 кВ кучланишли электр тармоқларини ривожлантириш лойиҳаси тасдиқланди.
Унга кўра, Юнусобод, Шайхонтоҳур, Мирзо Улуғбек, Яшнобод ва Янгиҳаёт туманларида умумий қуввати 664 МВА бўлган 5 та 110 кВ кучланишли подстанция ҳамда 49,6 км узунликдаги 35 кВ ва 110 кВ кучланишли электр узатиш тармоқлари қурилади.
Шунингдек, Юнусобод, Мирзо Улуғбек, Олмазор ва Миробод туманларидаги 4 та подстанцияни реконструкция қилиш орқали уларнинг ўтказиш қуввати 179 МВАга оширилади. Жисмонан эскирган 7,5 километр узунликдаги 35 кВ ва 41,7 километр узунликдаги 110 кВ кучланишли электр узатиш тармоқлари замонавий турдаги кабель ва симларга алмаштирилади.
Лойиҳани амалга ошириш учун жами 3,5 триллион сўм миқдоридаги маблағлар йўналтирилади. Шу жумладан, 566 миллиард сўм “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ, “Навоий КМК” АЖ, “Олмалиқ КМК” АЖ, “Ўзметкомбинат” АЖ, “Ўзавтосаноат” АЖнинг ўз маблағлари, 199 миллиард сўм “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг ўз маблағлари ҳамда 2,7 триллион сўм “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ маҳсулот кредитлари жалб қилинади.
2023 – 2025 йилларда Тошкент шаҳрининг паст кучланишли электр тармоқларини янгилаш дастури доирасида жами 2 969,8 км. паст кучланишли электр узатиш тармоқлари ҳамда 703 та трансформатор пункти, шу жумладан, 2023 йилда 903,3 км паст кучланишли электр узатиш тармоқлари ҳамда 228 та трансформатор пункти янгиланади.
2023 йилда паст кучланишли трансформатор пунктлари ва кабель маҳсулотларини харид қилиш учун Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан “Ўзмиллийбанк” АЖдан 220 миллиард сўм миқдорида кредит маблағлари жалб қилинади ва “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ учун белгиланган тартибда очиладиган махсус ҳисобвараққа ўтказиб берилади. Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан жалб қилинган кредит маблағлари 2024 йилдан бошлаб “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан тегишли тармоқ жадвалига мувофиқ тўлаб берилади.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА