Президент қарори мазмун-моҳияти кенг тушунтирилди
Наманганда республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят филиалида Президентимизнинг 2026 йил 20 январдаги “Ўткир юрак-қон томир ва цереброваскуляр касалликларнинг олдини олиш чора-тадбирларини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти ва унда белгиланган вазифалар ижросига бағишланган семинар-тренинг ўтказилди.
Кардиология маркази раҳбари, тиббиёт фанлари номзоди Солижон Мўминов мамлакатимиз раҳбарининг мазкур қарори аҳоли ўртасида инфаркт ва инсультни барвақт аниқлаш, эрта ўлим ва ногиронлик ҳолатларини камайтириш, даволаш ва реабилитация тизимини такомиллаштиришга қаратилганлигини таъкидлади.
Жумладан, 30 ёшдан ошган аҳолини йилига бир марта мақсадли тиббий текширувдан ўтказиш, юрак-қон томир ва цереброваскуляр касалликлар хавф омилларини эрта аниқлаш, беморларнинг клиник маршрутларини йўлга қўйиш ҳамда туманлараро марказларда кеча-кундуз фаолият юритувчи инфаркт ва инсульт бригадаларини ташкил этиш белгиланган.

Шунингдек, тез тиббий ёрдам тизимида экг-телеметрия, инсультни эрта аниқлашда “Fast” алгоритми, зарур ҳолларда тромболизис муолажаларини қўллаш, беморга “олтин соат” тамойили асосида тезкор тиббий ёрдам кўрсатиш механизмлари такомиллаштирилиши назарда тутилган.
Қайд этилганидек, қарорда оилавий шифокорлар, тез тиббий ёрдам ходимлари ва ҳудудий тиббиёт муассасалари мутахассисларини ушбу йўналишларда босқичма-босқич ўқитиш вазифаси ҳам белгиланган.

Айни пайтда ушбу миллий дастурни 2026 йил 1 октябрдан Наманган вилоятида ҳам амалиётга жорий этиш белгиланган. Шу нуқтаи назардан, ўтказилган семинар-тренинг тиббиёт ходимларининг билим ва амалий кўникмаларини мустаҳкамлаш, инфаркт ва инсульт ҳолатларида тезкор ва тўғри ҳаракат алгоритмларини ўзлаштиришга хизмат қилди.

Семинар якунида, касалликларни эрта аниқлаш ва шошилинч тиббий ёрдам сифатини янада ошириш бўйича тегишли тавсиялар берилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.