Давлатимиз раҳбарининг шу йил 16 февралдаги “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорига кўра, жорий йилда юртимизда умумий қуввати 4300 МВт бўлган қайта тикланувчи энергия манбаларини, жумладан 2100 МВт – йирик қуёш ва шамол электр станциялари, 1200 МВт – ижтимоий соҳа объектлари, хўжалик субъектларининг бино ва иншоотлари ҳамда хонадонларда ўрнатиладиган қуёш панеллари, 550 МВт – тадбиркорлар томонидан барпо этиладиган кичик фотоэлектр станцияларини ишга тушириш белгиланган. Самарқанд вилоятида ҳам мазкур қарор ижросини таъминлаш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Маълумотларга кўра, йил бошидан буён вилоятдаги 403 та ижтимоий соҳа объектида 6,35 МВт қувватли қуёш панеллари ва 12 минг литр қуёш сув иситиш ускуналари ўрнатилди. Тадбиркорларнинг бино ва иншоотларида 1,81 МВт, кўп қаватли уйларда 20 кВт ва аҳоли хонадонларида 3,41 МВт қуёш панеллари ишга туширилди. Йил якунига қадар қуввати 2,4 МВт бўлган иккита кичик гидроэлектр станцияси иш бошлайди. Жумладан, шу пайтгача Самарқанд шаҳридаги 124 та, Булунғур туманидаги 22 та, Оқдарёдаги 27 та, Пайриқдаги 33 та, Пахтачи туманидаги 35 та ижтимоий соҳа объектига қуёш панеллари ўрнатилиб, муқобил энергиядан фойдаланиш йўлга қўйилди.
[gallery-11119]
Яқинда Самарқанд шаҳридаги вилоят Матбуот уйи биноси том қисмида 50 кВтли 98 та қуёш панели ўрнатилиб, бу ерда жойлашган газеталар таҳририятларини электр энергияси билан таъминлашга эришилди. Тўққиз кун ичида мазкур қуёш панеллари ёрдамида 2,4 МВт электр энергияси ишлаб чиқарилди. Қайта тикланувчи энергия манбааларидан фойдаланишнинг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши ва бу борада бир қатор имтиёзлар берилиши тадбиркорлик субъектларининг мазкур йўналишга эътиборини оширди. Натижада қисқа вақт ичида Самарқанд шаҳрида 11 нафар тадбиркор ўз бино ва иншоотларига қуёш панеллари ўрнатган бўлса, Нарпайда 11 та, Нурободда 10 та ҳамда Ургутда туманида 6 та тадбиркорлик субъекти шундай қурилмалардан фойдалана бошлади. Бундан ташқари, ҳозиргача Самарқанд шаҳрида 202 та, Нарпай туманида 125 та, Пайариқда 66 та аҳоли хонадонларига қуёш панеллари ўрнатилди. Бошқа туман ва шаҳарларда ҳам бу жараён давом этмоқда.
Давлатимиз раҳбари қарорида жорий йилда фойдаланишга топшириладиган кўп қаватли уйларни қайта тикланувчи энергия манбалари билан таъминлаш белгиланган. Шу асосида вилоятдаги 16 та янги кўп қаватли уйга қуёш панеллари ўрнатиш кўзда тутилган. Айни пайтда бу иш Самарқанд шаҳрида қурилаётган кўп квартирали уй-жойлар том қисмида амалга оширилган бўлса, яқин орада Нарпай, Ургут ва Оқдарё туманларидаги кўп қаватли уйларда ҳам бажарилади.
Маълумотларга кўра, электр энергиясини тежаш мақсадида вилоятдаги 166 та объект, жумладан, 75 та мактабгача таълим ташкилоти, 69 та мактаб ҳамда 22 та соғлиқни сақлаш муассасасининг иссиқлик таъминоти кўмирга мослаштирилди. Жорий йилнинг биринчи ярмида 523 та объектда бу борадаги ишлар тўлиқ якунланади. Шунингдек, 19 та иссиқхона, 2 та ғишт ва 5 та оҳак ишлаб чиқарувчи корхона ҳам кўмирга ўтказилди. Йил якунига қадар бундай субъектлар сони 150 тага етади. Дарвоқе, қарорга кўра, Дарғом каналининг Ургут, Тойлоқ, Самарқанд ҳамда Пастдарғом туманлари ҳудудидан оқиб ўтувчи қисмида 16 та кичик гидроэлектр станциялари қурилади. 10,9 МВт қувватга эга бўлган мазкур станцияларнинг иккитаси йил якунига қадар ишга туширилса, қолганлари 2024 йил декабрь ойидан бошлаб электр энергияси бера бошлайди. Каттақўрғон туманида эса умумий қуввати 220 МВт бўлган қуёш электр станцияси қурилади. Йил якунига қадар ушбу объект қурилишининг биринчи босқичида 100 МВтли станция ишга туширилади. Мазкур ишлар амалга оширилгач, электр тармоқларидаги технологик йўқотишларни йил якунига қадар 2,5 фоизга қисқартириб, 100,9 миллион кВт.соат электр энергия тежалади.
Таъкидлаш лозимки, жорий йил 1 апрелдан бошлаб умумий қуввати 100 кВтгача бўлган қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатган жисмоний ва юридик шахслар ушбу қурилмалар бўйича мол-мулк солиғи, қурилмалар билан банд бўлган участкалар бўйича ер солиғи ҳамда юридик шахслар томонидан умумий тармоққа сотган электр энергияси учун олган фойдасидан ҳисобланадиган фойда солиғини тўлашдан улар фойдаланишга топширилган пайтдан эътиборан уч йил муддатга, ўрнатилаётган қуёш панелларининг қувватига нисбатан 25 фоиздан кам бўлмаган қувватга эга электр энергиясини сақлаш тизими билан ўрнатилган бўлса ўн йил муддатга озод этилади.
Ғ.Ҳасанов,
А.Исроилов (сурат), ЎзА.