Баҳор фасли фермерлар учун энг қизғин палла ҳисобланади. Ерни экишга тайёрлаш учун шудгор, ерни текислаш, фосфорли ўғит бериш, пушта олиш, суғориш, чигит қадаш — буларнинг бари деҳқонларимизнинг қўли қўлига тегишига имкон бермайди.
Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг ҳудудий бўлимлари ҳузурида ташкил этилган бухгалтерия марказлари фермер хўжаликларининг солиқ ва статистика ҳисобини юритишда, шунингдек, қонунчиликдаги ўзгаришлар, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилаётган ўзгаришлар борасида ва янги чиқаётган қарор ва фармонлардан бохабар бўлишида амалий ёрдам бериб келмоқда.
Президентимизнинг 2023 йил 26 январдаги “Пахта хом ашёси етиштирувчилар фаолиятини янада қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорига мувофиқ, пахта ва ғалла етиштирувчи фермер хўжаликларининг мазкур қарор кучга кириш санаси ҳолатига барча солиқлари бўйича ҳисобланган ва тўланмаган пенялари, истисно тариқасида ҳисобдан чиқарилиши белгиланган. Шундан келиб чиқиб, ҳозирги кунда Қашқадарё вилоятида фермерлар кенгаши ва бухгалтерия марказлари томонидан солиқ идоралари билан биргаликда вилоят бўйича 6060 та фермер хўжаликларининг 35,5 миллиард сўм ҳисобланган ва тўланмаган пенялари ҳисобдан чиқарилди. Бу қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг бозорлардаги нархларига ижобий таъсир қилади.
Бундан ташқари, бухгалтерия марказлари томонидан қишлоқ жойларда аҳолини банд қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 23 февралдаги “Қишлоқ хўжалигида аҳоли бандлигини ошириш ва ер участкаларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорининг мазмун-моҳиятини тушунтириш бўйича туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, туман солиқ инспекцияси билан биргаликда иш олиб бормоқда.
Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг ҳудудий бўлимлари ҳузурида ташкил этилган бухгалтерия марказлари фермер хўжаликларининг фаолиятида катта ёрдамчи бўлмоқда. Жумладан, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари томонидан мунтазам равишда жойларда ташкил этилаётган амалий семинарларда ҳар бир фермернинг муаммолари ўрганиб борилмоқда ҳамда бухгалтерия марказларига бириктирилган ҳолда муаммолар ҳал этилмоқда.
Жаҳонгир Галаев,
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари
ва томорқа ер эгалари кенгаши етакчи мутахассиси.
ЎзА