Президент мактабида ўқув-тренинги ўтказилди
Андижон шаҳридаги Президент мактабида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги томонидан “Таълимда соғлом маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш” мавзусида республика ўқув-тренинги ўтказилди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси ва республикамиз вилоятларидаги Президент мактабларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари, психологлар ва тарбиячи-педагоглар иштирок этиб, таълим жараёнида соғлом маънавий-психологик муҳитни шакллантириш, касбий этика меъёрларига амал қилиш ва самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Тренинг машғулотлари Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги мутасадди ва мутахассислари Азиза Имомхўжаева, Гулназ Жаббарбергенова, Зарнигор Қаҳҳорова ҳамда Андижон давлат педагогика институти ректорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори Муҳаммаджон Мадумаров олиб борди.
Машғулотларда фаолият самарадорлигини ошириш, таълим муассасаларида соғлом маънавий-психологик муҳитни шакллантириш, касбий этика меъёрларига амал қилиш, шунингдек, ижро интизомини мустаҳкамлаш, белгиланган йўналишдаги ишларни самарали ташкил этиш юзасидан кенг маълумотлар берилди.
– Жараёнларда касбий фаолиятимиз самарадорлигини ошириш юзасидан кенг маълумотлар олдик, илғор иш услубларини ўргандик, – дейди Фарғона шаҳридаги Президент мактаби директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Лолахон Деҳқонова. – Ишонаманки, ўрганганларимиз янада самарали иш олиб боришимизга яқиндан ёрдам беради.
[gallery-29195]
Шунингдек, тренинг доирасида бир гуруҳ иштирокчиларнинг тақдимот ва намунали дарслари билан танишилди.
Жумладан, Андижон шаҳридаги Президент мактаби директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Рушана Рустамованинг “Ўқувчиларни миллий қадриятларга содиқлик ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган лойиҳаларни ўқув жараёнларига татбиқ этиш масалалари” деб номланган тақдимоти билан танишилди. Тақдимотда белгиланган йўналишдаги лойиҳаларни ўқув жараёнига татбиқ этишда ноанъанавий ва замонавий педагогик технологиялардан фойдаланиш, илғор тажриба ва иш услубларини қўллаш бўйича иштирокчиларга кенг маълумот ва тушунчалар берилди.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (фото), ЎзА мухбирлари.