Президент кубогида кимлар ғолиб чиқди?
Республикамизнинг спорт марказларидан бири Наманган кейинги йилларда кўплаб йирик нуфузли мусобақаларга мезбонлик қилмоқда. Жумладан, яқинда ўтказилган 65-халқаро “Гуллар фестивали” доирасида юнон-рум кураши, шотокан каратэ-до, қўл жанги каби спорт турлари бўйича ўнлаб халқаро турнирлар ўтказилди.
Давлатобод туманидаги “Янги Ўзбекистон боғи” амфитеатрида профессионал спортчилар ўртасида қўл жанги бўйича “Ўзбекистон Республикаси Президенти кубоги” учун халқаро турнири ҳам юксак савияда ташкил этилди.
Мамлакатимиз раҳбарининг 2022 йил 20 июндаги “Қўл жанги спорт турини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ўтказилган ушбу нуфузли мусобақанинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Миллий гвардияси қўмондони, генерал-полковник, Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари қўл жанги федерацияси ҳамда Ўзбекистон камондан отиш федерацияси раиси Баҳодир Тошматов, Наманган вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов, Халқаро қўл жанги федерацияси Президенти Сергей Астахов иштирок этди.
Таъкидланганидек, Янги Ўзбекистонда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, халқаро мусобақаларни юртимизда ўтказиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда.
Биргина Наманган вилоятининг ўзида замонавий спорт инфратузилмалари ва спортчиларга берилаётган кенг имкониятлар халқаро майдонда юксак натижалар учун мустаҳкам замин бўлмоқда.
2017 йилдан буён анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Президент кубоги” халқаро турнирида ҳар йили жаҳон чемпионлари, ўз қитъаси ва давлатида тенгсиз деб топилган маҳоратли спортчилар иштирок этмоқда. Мусобақаларда Марказий Осиё, МДҲ ҳамда Европа мамлакатларидан келган моҳир қўл жанги усталари ҳам ўзаро куч синашди.
Умумий мукофот жамғармаси 41 минг 600 АҚШ долларини ташкил этувчи халқаро турнирда тўртта рейтинг ва иккита чемпионлик жанги ўтказилиб, унда мамлакатимиз спортчиларига Қозоғистон, Россия Федерацияси, Молдова, Туркия, Хитой Халқ Республикаси ва Руминия давлатларидан ташриф буюрган маҳоратли қўл жанги усталари рақиблик қилди. Ҳар бир жанг спорт мухлисларига юксак маҳорат, кучли ирода ва ҳақиқий спорт руҳини намоён этди.
Мусобақанинг 67 килограмм вазн тоифасидаги илк жангида жаҳон чемпиони ва кубоги ғолиби, Осиё чемпиони Ориф Нормуродов ва икки карра Европа чемпиони, ММА бўйича Европа чемпионати совриндори, халқаро турнирлар ғолиби руминиялик Александру Станкега қарши рингга кўтарилди. Қизиқарли кечган баҳсда катта устунликка эга бўлган ҳамюртимиз кўҳна қитъалик рақиби устидан оғритиш усули билан муддатидан олдин ғалаба қозонди.
Шундан сўнг рингга 80 килограмм вазнга эга спортчилар кўтарилди. Қизиқарли ва муроасиз кечган жангда юртдошимиз – жаҳон кубоги ғолиби, жаҳон чемпионати совриндори Асадбек Ҳикматов жаҳон кубоги ва халқаро турнирлар совриндори россиялик Владимир Токовга имкониятни бой бериб қўйди.
“Президент кубоги”нинг аёллар иштирокидаги баҳслари ҳам томошабинларнинг олқишлари ва эътиборидаги жанглар бўлди. Уларда 64 килограмм вазнда Ўзбекистон чемпиони, жаҳон кубоги совриндори Ҳилола Ботирова хитойлик чемпион Чжан Юйзени, 70 килограмм вазнда эса, мамлакатимиз чемпиони ва жаҳон чемпионати ва кубоги ғолиби Нилуфар Полвонова қозоғистонлик донгдор рақибаси – Осиё чемпиони ва жаҳон кубоги ғолиби Аржуман Беркумбаевани мағлубиятга учратишга муваффақ бўлишди.
Турнирнинг эркаклар ўртасида 73 килограмм вазнда жаҳон кубоги ва чемпионати ғолиби Азизхон Абдуллаева ва молдовалик Змей Штефан ўртасидаги жанг иқтидорли ҳамюртимизнинг устунлиги билан якунланди.
Мусобақанинг якунловчи ва асосий жангларидан бирида – 97 килограмм вазнга эга бўлган жаҳон чемпионати ва кубоги ғолиби, Осиё чемпиони Бекзод Муҳаммадов ҳамда халқаро турнирлар совриндори, балкан кекушан каратэ чемпиони – туркиялик паҳлавон Шеҳзаде Махсун баҳслашди. Унда ҳамюртимиз нокаутга учраб, ғалабани бой берди.
[gallery-30567]
Президент кубогининг ғолиблари ва барча иштирокчилари турнир ташкилотчилари томонидан диплом, қимматбаҳо совринлар, пул мукофотлари билан тақдирланди.
Бу каби нуфузли мусобақалар қўл жанги спорт турини янада оммалаштириш, спортчилар ўртасида тажриба алмашиш ҳамда мамлакатлар ўртасидаги спорт ҳамкорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА мухбирлари