«Президент кубоги» Бухоро вилояти жамоасига насиб этди
Пойтахтимиздаги Гимнастикага ихтисослаштирилган республика болалар ва ўсмирлар олимпия захиралари спорт мактабида “Гимнастика барча учун” шиори остида «Президент кубоги» мусобақасининг республика босқичи бўлиб ўтди. Унда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан 36 та жамоа иштирок этди.
Беллашувлар хотин-қизлар ўртасида 10 ёшдан 44 ёшгача ҳамда 45 ёш ва ундан катта иштирокчилар учун белгиланган икки ёш тоифасида ташкил этилди.
Мусобақа давомида иштирокчилар ўзларининг жисмоний тайёргарлиги, ҳаракатлар уйғунлиги, чаққонлиги ва жамоавий маҳоратини намойиш этди. Турли ёшдаги хотин-қизларни бирлаштирган мазкур спорт тадбири соғлом рақобат ва ўзаро ҳамжиҳатлик руҳида ўтди.
Ҳакамлар ҳайъатининг қарорига кўра, «Президент кубоги» Бухоро вилояти жамоасига насиб этди. Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан таъсис этилган диплом, кубок ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
[gallery-32520]
Таъкидлаш жоизки, бундай мусобақалар хотин-қизлар ўртасида оммавий спортни ривожлантириш, уларни мунтазам жисмоний тарбия ва спорт машғулотларига жалб этиш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этади.
Шунингдек, турли ёш тоифалари вакилларининг спортга бўлган қизиқишини ошириш, уларнинг жисмоний фаоллигини рағбатлантириш ва фаол ҳаёт тарзини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА