Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 15 майдаги тегишли фармони билан иқтидорли ёшларни барвақт аниқлаш ва юқори малакали мутахассислар тайёрлашга қаратилган "Президент иқтидорли фарзандлари" ташаббусини амалга ошириш чора-тадбирлари белгилаб берилган.
"Янги Ўзбекистон" университетида "Президент иқтидорли фарзандлари" ташаббусининг тақдимотига бағишланган “Йилнинг энг қувончли янгилиги” тадбири ташкил этилди.
Тадбирда қайд этилишича, “Президент иқтидорли фарзандлари” миллий дастури доирасида Ўзбекистон бўйлаб 3 минг нафар иқтидорли ўқувчи танлаб олинади ва олий ўқув юртларига кириш учун зарур бўлган билим ва кўникмалар асосида тайёрланади.

Ушбу ўқувчилар "Harvard", "Yale", "Princeton", "Upenn", "Cornell" каби етакчи университетларга қисқа муддатли курсларга юборилади. Мазкур университетларга ўқишга қабул қилинган ўқувчиларнинг ўқиш харажатлари "Эл-юрт умиди" жамғармаси томонидан молиялаштирилади.
Шунингдек, дастур доирасида ҳар йили хорижий олийгоҳларда ўқишга салоҳияти мавжуд умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчилари (республика бўйлаб 1 500 нафаргача) имтиҳон асосида саралаб олинади.

“Президент иқтидорли фарзандлари” ташаббусининг иккинчи йўналиши – Ал-Беруний номидаги халқаро мактаб-интернатининг ташкил этилиши бўлди.
Мактабга Ўзбекистоннинг энг иқтидорли 8-синф битирувчилари орасидан ҳар йили 60 нафар ўқувчи қабул қилинади.
Қабул жараёни икки босқичда амалга оширилади.
1-босқичда ҳар бир ҳудудда математика ва инглиз тили фанларидан 40 тадан тест саволи асосида 100 баллик тизимда саралаш имтиҳони бўлиб ўтади ва энг юқори балл тўплаган 300 нафар ўқувчи Тошкент шаҳридаги 2-босқичга ўтади.
2-босқичда ҳам математика ва инглиз тилидан ёзма имтиҳон ўтказилиб, якуний натижаларга кўра 60 нафар энг юқори балл тўплаган ўқувчи мактабга қабул қилинади.
Ўқувчилар таҳсил давомида нафақат инглиз тили, балки камида яна битта қўшимча хорижий тилни ҳам пухта ўзлаштиради.
Битирувчиларга дунёнинг етакчи университетларига тўғридан-тўғри кириш имконияти берилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА