Президент ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг йиғилиши ўтказилди
Савдо-саноат палатасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича Жамоатчилик кенгашининг илк йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбирда Бизнес-омбудсман Абдуманноп Буриев, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Вахабов ҳамда давлатимиз раҳбарининг жорий йил 27 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан VI очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан тасдиқланган кенгашнинг 40 нафар аъзоси ҳамда соҳавий вазирлик ва идоралар раҳбарлари қатнашди.
Йиғилишда фармоннинг 3-иловасида назарда тутилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш чоралари муҳокама қилинди.

Хусусан, лицензиялаш ва рухсат бериш тартибини соддалаштириш, корхоналарни капитал бозорига чиқариш, муқобил инвестиция механизмларини кенгайтириш, солиқ маъмуриятчилигини енгиллаштириш ва ҳисоботларни қисқартириш каби муҳим ташаббуслар кўриб чиқилди.

Ҳужжатлар юзасидан кенгаш аъзоларидан иборат ишчи гуруҳлар тузилди. Унга кўра, соҳавий идоралар тайёрлаган лойиҳалар дастлаб Жамоатчилик кенгашига киритилиб, тадбиркорлар ва экспертлар таклифлари асосида такомиллаштирилади. Ҳужжат кенгаш билан тўлиқ келишилгач, қабул қилиш учун юборилади. Учрашувда кун тартибидаги бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиб, бизнес муҳитини яхшилаш бўйича галдаги вазифалар белгиланди.
Г.Бобоева, ЎзА