“Президент ҳожиси” йўлланмалари топширилди
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан инсон қадрини улуғлаш ва аҳолини қўллаб-қувватлашга қаратилган эзгу ишлар изчил давом этмоқда.
Ҳалол меҳнати билан эл хизматини қилаётган, маҳалла тинчлиги ва аҳиллигини мустаҳкамлашга ўз ҳиссасини қўшаётган бир гуруҳ юртдошларимиз ҳаётида унутилмас воқеа юз берди.

Юксак эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир амалий ифодаси сифатида юртимиздан 100 нафар фуқаро “Президент ҳожиси” мақомига муносиб кўрилиб, муқаддас Ҳаж сафарига кузатилмоқда.
Жумладан, Фарғона вилоятидан ҳам 7 нафар зиёратчига ушбу муборак сафар учун йўлланмалар берилди.

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Марғилон шаҳридаги Дўстлик маҳалласида истиқомат қилувчи Ҳамидиллоҳ Мамажонов хонадонида бўлиб, “Президент ҳожиси” ташаббуси доирасида ажратилган Ҳаж йўлланмасини ўз эгасига тантанали топширди.
58 ёшли Ҳамидиллоҳ Мамажонов узоқ йиллар давомида вилоятдаги турли завод ва корхоналарда, шунингдек, соғлиқни сақлаш тизимида самарали ва фидокорона меҳнат қилиб келган.

Ҳамидиллоҳ Мамажонов ота-боболари орзу қилган муқаддас Ҳаж амалини адо этиш бахти насиб этганидан жуда мамнун эканини айтиб, кўзларида қувонч ёшлари билан Президентга самимий миннатдорчилик билдирди.
Шунингдек, у келгусида ҳам юрт тараққиёти, тинчлиги ва фаровонлиги йўлида фаол бўлиб, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини ёш авлодга етказишга, уларнинг таълим-тарбиясига муносиб ҳисса қўшишга доимо тайёр эканини таъкидлади.


Қўштепа тумани Гармдон маҳалласида истиқомат қилувчи Бахтиёржон Қосимжонов, Олтиариқ туманининг Маориф маҳалласида яшовчи Юнусали Жумаевларга ҳам “Президент ҳожиси” йўлланмаси топширилди.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА