Президент: Фарғонада хорижий туристлар оқимини яна 2-3 карра оширса бўлади
Президент Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказмоқда.
—Тарихий обидалар ва бетакрор табиатни ўзида жамлаган Фарғонада хорижий туристлар оқимини яна 2-3 карра оширса бўлади, – деди Президентимиз.
Бунинг учун Қўқон ва Марғилонни зиёрат туризмига, Сўх, Қува, Бешариқ ва Фарғона туманларини тиббий ва экотуризмга ихтисослаштириш зарурлиги қайд этилди.
Кеча Қувада “Каркидон” сув омбори ҳудудидаги туристик мажмуа билан танишилди. Ушбу сув омбори атрофида дам олувчилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида фавқулодда вазиятлар маркази фаолияти йўлга қўйилди.
Юртимизда алоҳида тоифаланган яна 25 та сув омбори бор. Уларни ҳам босқичма-босқич аҳоли ва туристлар гавжум масканларга айлантириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Кеча Марғилонда “Бурҳониддин Марғиноний” илмий-маърифий ва туризм мажмуасининг очилиш маросими ўтказилди. Мазкур мажмуа миллий қадриятларимиз ва тарихимизни дунёга намоён қиладиган гўзал масканга айланади.
Фарғона туманида ҳам 2 минг 400 гектарда “Шоҳимардон – Ёрдон” халқаро курорт зонаси, “Водил” малина-агротуризм кластери, “Аввал” кўнгилочар туризм мажмуаси, “Чимён” санаторий-курорт зонаси қурилмоқда.
Бундан унумли фойдаланиб, келаси йил якунигача 300 миллион долларлик 50 та лойиҳани ишга тушириш зарурлиги қайд этилди.
ЎзА