"Президент эътирофидан фахрдаман" (+видео)
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Фарғона вилоятига ташрифи аҳоли, тадбиркор, ташкилотчилар қалбида келажакка ишонч ва умидни янада мустаҳкамлади. Хабарингиз бор, аслида Ўзбекистонда маҳаллий хомашё асосида импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулот кафель ишлаб чиқарувчи 47 та корхона фаолият юритмоқда. Ўтган йили улар томонидан 47,2 миллион квадрат метр маҳсулот ишлаб чиқарилиб, ички талаб 128,6 фоизга қопланди.
Давлат раҳбарининг 2024 йил 16 декабрдаги “Фарғона вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир” қарорига мувофиқ, 2025 йилда Қувасой шаҳрида “Crown Ceramic” қўшма корхонаси ташкил этилди. Йилига 8 миллион квадрат метр керамогранит плита ишлаб чиқаришга мўлжалланган лойиҳа 1 триллион сўмлик маҳсулот тайёрлаш, 665 миллиард сўмлик қўшилган қиймат яратиш ва 35 миллион долларлик экспортни амалга ошириш имкониятига эга.

Корхонада маҳаллий хомашёдан фойдаланиш даражаси 97 фоизни ташкил этмоқда. Унинг асосий қисми Қувасойдаги конлардан, шунингдек, Тошкент вилоятининг Ангрен ҳудудидан келтирилади. Ишлаб чиқариш жараёнида бир кунда 600 тонна сараланган тош, 100 тонна қизил каолин ва 100 тонна кулранг каолин ишлатилади.

Президент хорижий инвестор Сианг Чинг Жанг билан иш шароити ва яратилган имкониятлар ҳақида суҳбатлашди.

– Ҳалигача ҳаяжондаман. Давлат раҳбари бу қадар самимий ва хушчақчақ инсон эканки, жуда тез тил топишиб кетдик. Мен уларга корхонамиз, унинг имкониятлари, ҳатто малакали ишчи кучи етишмаётганлиги ҳақидаги муаммоларимизни ҳам очиқ-ойдин айта олдим, – дейди “Crown Ceramic” қўшма корхонаси таъсисчиси Сианг Чинг Жанг. – Президент эса аввало Ўзбекистонга бўлган ишончимиз учун миннатдорчилик билдирди ва ишлаб чиқарилаётган маҳсулотга юқори баҳо берди. Бу биз учун фахрли эди.

Бу ерда ишлаб чиқарилаётган керамик плиталар сифат ва техник кўрсаткичлари бўйича Италия, Испания ва Хитой маҳсулотлари билан рақобатлаша олади. Жорий йил январь-март ойларида корхона Қирғизистон ва Тожикистонга 400 минг долларлик 80 минг квадрат метр маҳсулот етказиб берди. Экспорт географиясини кенгайтириш мақсадида Қозоғистон, Россия ва Европа давлатлари билан шартномалар имзолаш чоралари кўрилмоқда.

Хорижий инвесторнинг Ўзбекистон Президенти билан учрашуви тасодиф эмас аслида. Бу янги Ўзбекистоннинг очиқ сиёсати, Ватан равнақи ва халқ фаровонлигини юксалтиришнинг изчил йўлидаги қадам, инвесторларни маънавий раҳбатлантиришнинг ёрқин мисолидир.

– Ўзбекистондаги хорижий инвесторларга яратилган шароит ва Қувасойдаги имкониятлар бизга куч-қувват берди. Мен Ўзбекистон Президентига бу юртдаги бошқа турдош корхоналар мутахассислари малакасини оширишда ёрдамимни таклиф этдим. Устоз-шогирд усулида маҳаллий ишчиларни малакали мутахассисларга айлантиришга ҳиссамни қўшаман, – деди хитойлик инвестор.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/XxpWCLx_A4w" title=""Prezident e’tirofidan faxrdaman"" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео, сурат),ЎзА