Ўзбекистон ташқи сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири – Афғонистон билан ҳамкорликни мустаҳкамлашдир.
Президент Шавкат Мирзиёев халқаро минбарларда, жумладан, БМТ Бош Ассамблеяси, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти ва бошқа тузилмаларда доимо Афғонистон масаласига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.
Нью-Йоркдаги БМТ Бош Ассамблеяси 80-сессиясидаги нутқида ҳам афғон халқининг тинч ва осуда ҳаётга бўлган интилишини қўллаб-қувватлаш учун халқаро ҳамжамиятнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш зарурлигини қайд этди.
– Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, бу давлатнинг яккаланиб қолишига йўл қўймаслик ўта муҳимдир, – деди давлатимиз раҳбари. – Биз Афғонистонда катта иқтисодий ва инфратузилма лойиҳаларини амалга оширмоқчимиз. Ушбу мамлакат орқали халқаро транспорт ва энергетика коридорларини ривожлантириш бўйича Ташкилотимизнинг алоҳида резолюциясини қабул қилишни таклиф этамиз.
Маълумот ўрнида қайд этиш керак, кейинги йилларда Ўзбекистон ташаббуси билан нуфузли халқаро анжуманлар ташкил этилди. Жумладан, 2018 йилда Тошкентда “Тинчлик жараёни, хавфсизлик ва минтақавий шериклик” конференцияси ҳамда 2021 йилда “Марказий ва Жанубий Осиё: таҳдидлар ва имкониятлар” форуми ташкил этилди.
Шу йил 3 июль куни Озарбайжондаги Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида Шавкат Мирзиёев Афғонистон Бош вазирининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Мулла Абдул Ғани Бародар билан учрашув ўтказди.
Икки давлат ўртасидаги савдо ҳажми 1 миллиард доллардан ошди. Бу кўрсаткич олдинги йилларга нисбатан 60 фоизга кўпдир. Яқин келажакда эса бу рақам 2 миллиард долларға етказилиши режалаштирилган.
“Мозори Шариф – Ҳирот – Қандаҳор” темир йўлини қуриш, тўқимачилик фабрикалари ташкил этиш, цемент ишлаб чиқариш ва нефтни қайта ишлаш заводларини барпо этиш, туз қазиб олиш ҳамда қайта ишлаш, шунингдек, электрон бошқарув тизимини жорий қилиш режалаштирилмоқда.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/1Mo1eZrKKZA" title="Prezident: Afg`onistonda katta iqtisodiy va infratuzilma loyihalarini amalga oshirmoqchimiz" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>ЎзА