Фарғона вилоятида жорий йилнинг 30 май – 6 июнь кунлари “Янги Ўзбекистон – инсон қадри улуғланган юрт” шиори остида маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилади.
Фарғона вилояти яна бир катта маънавий-маърифий тадбирга мезбонлик қилмоқда. Барча маҳалла фуқаролар йиғинида “Янги Ўзбекистон – инсон қадри улуғланган юрт” шиори остида концерт дастурлари, театрлаштирилган томошалар, ижодий учрашувлар, энг сара кинофильмлар намойиши бўлиб ўтади.
[gallery-7330]
Бугун Қўқон ва Марғилон шаҳри темир йўл бекатида пойтахтимиздан келган уч юздан зиёд маданият, санъат намояндалари, шоир ва ёзувчилар, маънавият тарғибочилари тантанали кутиб олинди.
Фарғоналиклар азалдан маданият ва санъатни қадрлашади. Айниқса, элимиз суйган санъаткорлар ва ижодкорлар билан гурунгларни, учрашувларни соғинган. Шу боис ҳам ҳар бир ҳудудда бу тадбирларни юқори савияда ўтказиш чора-тадбирлари белгиланди.
Учрашувларда аҳолига юртимизда Янги Ўзбекистонни бунёд этиш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда эришилаётган ютуқларни аниқ ҳаётий мисоллар орқали содда ва тушунарли шаклда етказишга эътибор қаратилади.
Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида “Китоб карвони” ташкил этилиб, беш мингдан зиёд китоблар туҳфа қилинади. “Кинокарвон” лойиҳаси доирасида маҳаллаларда кино санъатимизнинг 100 та энг сара намунаси ва сўнгги йилларда ишлаб чиқарилган фильмлар намойиш этилиб, киноижодкорлар билан учрашувлар ўтказиш режалаштирилган.
М. Сулаймонов, ЎзА