Пойтахтимизда “Made in Afghanistan Expo – Tashkent 2026” кўргазмаси очилди
Бугун пойтахтимиздаги Ўзэкспомарказ миллий кўргазмалар мажмуасида “Made in Afghanistan Expo – Tashkent 2026” халқаро кўргазмасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Илк бор ташкил этилган мазкур тадбирда икки ўлка расмийлари, вазирлик ва идоралар вакиллари, бизнес доиралари ҳамда халқаро ташкилотлар ходимлари иштирок этди.
Йиғинда сўзга чиққанлар мазкур кўргазма Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш, тадбиркорлар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқотни кенгайтириш ҳамда янги ҳамкорлик лойиҳаларини йўлга қўйишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
[gallery-28328]
– Мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар жадал ривожланмоқда, – дейди афғонистонлик тадбиркор Собир Насимзода ЎзАга берган интервьюсида. – Бугунги кўргазмага афғон гиламларини олиб келдик. Тошкентда ҳам дўконимиз бор. Яқин ойларда Бухорода ҳам 500 янги иш ўрнига эга корхона очмоқчимиз.
Расмий маълумотларга кўра, 2025 йил якунида Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги савдо айланмаси қарийб 1,68 миллиард долларга етган. Хусусан, экспорт ҳажми 1,53 миллиард долларни ташкил этган бўлса, импорт 145 миллион доллардан ошган. Бу кўрсаткичлар ўзаро савдонинг сезиларли ўсганини кўрсатади. Шунингдек, бугунги кунда юртимизда афғон капитали иштирокида 600 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда.
Кўргазма доирасида Афғонистонда ишлаб чиқарилган озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, қурилиш материаллари, тўқимачилик, заргарлик буюмлари, гиламлар ҳамда миллий ҳунармандчилик намуналари намойиш этилмоқда.
Шу билан бирга, тадбир доирасида ўзбек ва афғон тадбиркорлари ўртасида B2B учрашувлар, бизнес мулоқотлар ва тақдимотлар ўтказилиши, янги ҳамкорлик келишувларини имзолаш режалаштирилган.
Дилшод Ҳакимов, Сарвар Ўрмонов (сурат), ЎзА