“Гўзаллик-дунёни қутқаради”,деган эди Достоевский ўзининг “Телба” номли асарида. Дарҳақиқат, ҳусн илоҳиёт томонидан инсонга берилган энг олий ҳадядир. Шундай бўлсада бугун инсонларни янада гўзал қилиш учун саноатнинг алоҳида бир тармоғи қўшилди ва бу хизмат кўрсатиш соҳасининг ривожига ҳам катта туртки бўлди. Ўз навбатида тармоқда минглаб янги иш ўринлари яратилмоқда.
“Ўзэкспомарказ” павильонларида 4-6 июнь кунлари гўзаллик саноати бўйича 19 Халқаро кўргазма “BeatiExpo Uzbekistan 2025” ўз фаолиятини бошлади. Унда ушбу саноат тури кенг ривожланган 40 дан ортиқ нуфузли компания ва етакчи брендлар ўзларининг энг сўнгги ишланмалари ва замонавий технологияларини намойиш этишди.
Бу ерда асосан юз, соч ва танани парваришлаш воситалари, гигиена ва уй учун кимёвий маҳсулотлар, декоратив косметика, парфюмерия, хом ашё ва қадоқлаш ускуналари, гўзаллик салонлари учун турли материаллар намойиш қилинмоқда.
- Бизни Ўзбекистон Сартарошлар ва косметологлар уюшмаси бу ерда шоу дастурлар, маҳорат дарсларини ўтказмоқчимиз, - дейди Ўзбекистон Сартарошлар ва косметологлар уюшмаси раиси Фарҳод Шомуродов. - Халқаро кўргазманинг географияси кенгаймоқда. Янги маҳсулотлар намойиш қилиняпти, турли асбоб-ускуналар тақдим этилган. Қозоғистондан машҳур косметолог саҳнадан туриб, ярим соат семинар ташкил қилади. Республикамиздаги мономарказ талабаларини чақирганман. Ўйлайманки, бизни сартарошлар, косметологлар,визажистлар учун бу жуда фойдали бўлади.
Ушбу кўргазма орқали нафақат дунё гўзаллик саноатидан хабардор бўлиш, балки соҳа мутахассисларидан маҳорат дарсларини олиш ва В2В учрашувларида фойдали шартномалар имзолаш учун яна бир қулайлик юзага келди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/gymf5CsqhgU" title="Poytaxtimizda go‘zallik sanoati namoyish etildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Шу куни ўтказилган яна бир кўргазмада болажонлар учун ўйинчоқлар, ёшларнинг фикрлаш қобилиятини ўстирувчи замонавий шаклдаги китоблар, болалар косметикаси ва оналар учун парвариш маҳсулотлари намойиш этилди. Эътиборли томони ушбу компанияларнинг кўпчилиги Ўзбекистон бозорига илк бора кириб келмоқда ва бу ерда савдо-сотиқ алоқаларини янада ривожлантиришга катта умид билдиришмоқда.
Санжар Тошпўлатов,
Аброр Содиқов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА