Жамиятда “кичик ватанли” – яъни уйли бўлиш бахтига эришишини кутиб яшаётганлар талайгина. Айниқса, пойтахтга ишлаш ёки ўқиш учун келган одамларнинг кўпчилиги ижара муаммоси билан тўқнашиши аниқ.
Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти томонидан маълум қилинишича, ўтган октябрь ойида Тошкент шаҳрида барча турдаги хонадонлар учун таклиф этилаётган ижара нархлари 2022 йилнинг мос давридагига нисбатан арзонлашган.
Хусусан, ўртача таъмирлаган уйлар ижара ҳақи 6-14 фоизгача, тўлиқ таъмирланган уйлар ижараси 6-16 фоизгача пайсайган.
Уч хонали уйлар ижара ҳақида Учтепа (-20,7 фоиз) ва Олмазор (-20 фоиз) туманларида нисбатан кўпроқ пасайиш қайд этилган. Тўрт хонали уйлар учун Яккасарой (-29,7 фоиз) ва Чилонзор (19,8 фоиз) туманларида ижара нархларининг тушиши кузатилган.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, ўтган 2022 йилда Тошкент шаҳрига релокантлар оқимининг кўпайиши ҳамда янги ўқув йили бошланиши билан талабалар томонидан ижарага бўлган талабнинг ошиши натижасида ўтган йилнинг сентябрь - октябрь ойларида ижара нархлари сезиларли даражада ошиб кетган эди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА