Наркотикларга қарши навбатдаги тадбирлар
Гиёҳвандлик воситаларининг тарқалиши — оилалар осойишталиги, ёшлар келажаги ва жамият хавфсизлигига таҳдид. Бу хавфнинг олдини олишда ҳар бир аниқланган ҳолат, ҳар бир ўз вақтида берилган хабар муҳим.
Юртимизда ўтказилаётган «Хавфсиз ва соғлом юрт» тезкор профилактик тадбирлари ҳам шу мақсадга қаратилган.
Давлат хавфсизлик хизматининг Самарқанд вилоят бўйича бошқармаси, божхона ва Миллий гвардия ходимлари ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Ургут туманида яшовчи, 1987 ва 1994 йилларда туғилган икки шахс 1 килограмм 950 грамм “опий”ни шартли харидорга 36 минг АҚШ долларига сотаётган вақтда ушланди. Мамлакатимизга контрабанда йўли билан олиб кирилган ушбу гиёҳвандлик воситаси ашёвий далил сифатида олинди.
Хоразм вилоятидаги тадбирда эса аввалданкузатувга олинган, 1999 йилда туғилган шахсУрганч туманида вақтинча яшаб турганхонадонидан чиққан пайтда тўхтатилган. Айни шу вақтда унинг яқин таниши бўлган аёл хонадон деразасидан целлофан пакетни ташқарига улоқтиради.
Воқеа жойини холислар иштирокида кўздан кечирилганда, пакетда мазкур шахсга тегишли жами 715 грамм “гашиш”, 0,92 грамм “мефедрон”синтетик гиёҳвандлик воситаси ҳамда таркибида “прегабалин” кучли таъсир қилувчи моддаси бўлган “PGN 300” номли 23 дона дори воситаси борлиги аниқланган.
Қашқадарё вилоятидаги «Умакай» йўл-патруль хизмати масканида Сурхондарёдан Тошкентга кетаётган «Кобальт» русумли автомобиль тўхтатиб текширилади. Унда йўловчи сифатида кетаётган, Денов туманида яшовчи, 1996 йилда туғилган шахснинг ёнидан 327 грамм “опий” ва 127 грамм “гашиш” топилиб, улар белгиланган тартибда расмийлаштириб олинди.
Тақдим этилган маълумотга кўра, ушбу моддалар муқаддам Тожикистондан контрабанда йўли билан олиб кирилган.
Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Жамиятни гиёҳвандлик воситалари ва улар билан боғлиқ оғир оқибатлардан асрашга қаратилган чора-тадбирлар давом этмоқда.
Ҳурматли фуқаролар. Гиёҳвандлик воситаларининг тарқатилиши билан боғлиқ шубҳали ҳолатларга бефарқ бўлманг. Зудлик билан бу ҳақда ДХХнинг 1520 қисқа рақамига қўнғироқ қилиб, хабар беринг. Шахснинг сир сақланиши кафолатланади.
ЎзА