Пойтахтда энергетика таъминотига оид мурожаатлар қандай ҳал этилмоқда?
Аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан кўтарилаётган электр энергияси ҳамда табиий газ таъминотига оид масалаларни жойида ўрганиш ва уларга тезкор ечим топиш бугунги кунда муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.
Шу боис, Энергетика вазирлиги раҳбарияти иштирокида ташкил этилаётган очиқ мулоқотлар фуқаролар мурожаатларини тўғридан-тўғри эшитиш, соҳадаги долзарб муаммоларни тезкор ҳал этиш ва хизматлар сифатини янада яхшилашга қаратилгани билан алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Тошкент шаҳри Бектемир туманида жойлашган Тошкент вилояти Халқ қабулхонаси биносида энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов иштирокида ўтказилган навбатдаги сайёр қабул аҳоли мурожаатларини жойида ҳал этиш ва муаммоларга амалий ечим топишда ҳар жиҳатдан фойдали бўлди.

Унда Энергетика вазирлиги масъуллари, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Тошкент ҳудудий филиали, “Ҳудудгаз Пойтахт” газ таъминоти филиали вакиллари, шунингдек, фуқаролар ҳамда тадбиркорлик субъектлари иштирок этди.
Сайёр қабул давомида фуқаролар томонидан электр энергияси таъминоти, табиий газ билан боғлиқ муаммолар, тармоқларга уланиш, ҳисоб-китоб ва қайта ҳисоблаш масалалари юзасидан мурожаатлар қабул қилиниб, улар атрофлича кўриб чиқилди.
Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлаб чиқариш объектларини электр ва газ тармоқларига улаш, қувватларни ошириш ҳамда энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлашга оид масалалар ҳам муҳокама қилинди.
Масъуллар томонидан ҳар бир мурожаат юзасидан ҳуқуқий ва амалий тушунтиришлар берилди, айрим муаммоларни жойида ҳал этиш бўйича тегишли топшириқлар масъул ташкилотлар вакилларига юклатилди.
Таъкидлаш керакки, бундай сайёр қабуллар аҳоли ва тадбиркорларнинг мурожаатларини тўғридан-тўғри эшитиш, соҳадаги долзарб муаммоларни тезкор бартараф этиш ва энергия таъминоти сифатини яхшилашда муҳим аҳамиятга эга.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА