Пойтахтда 12 та замонавий мактаб қурилишига старт берилди
Тошкентда таълим инфратузилмаси тубдан янгиланмоқда. Пойтахтда минглаб болалар учун замонавий, технологик ва инклюзив мактаблар қурилишига старт берилди.
Булар янги шаклдаги — технологик, эргономик, қулай ва инклюзив мактаблар бўлади. Лойиҳалар замонавий меъморий ечимлар ва зарур инфратузилмани ҳисобга олган ҳолда уч хил кўринишда ишлаб чиқилган. Натижада 18 мингта янги ўқувчи ўрни яратилади.

—Замонавий мактабларнинг қурилишига старт бериш мақсадида ҳудуд танлаб олинди, — дейди Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Дурдона Раҳимова. — 12 та мактабдан ташқари яна 16 та замонавий мактабгача таълим муассасалари лойиҳаси ишлаб чиқилди. Мактаблар 3-типда бўлса, боғчаларимиз 5-типда бўлади.

Мактабларимизнинг энг кам сиғими 1505 ўринли бўлади. Ундан юқориси 1840 ўринли, ҳаттоки 2 000 ўринли бўлган лойиҳаларимиз бор. Келгуси йил янги ўқув мавсуми бошида Тошкентда яна қўшимча 18 минг ўқувчи ўрни яратилади.

Мазкур иншоотлар қурилишида жаҳонда бу борада тўпланган энг яхши тажрибалар уйғунлаштирилади, 7 та ўқув корпусларидан иборат бўлади. Қурилиш ишларини саккиз ой ичида якунлаш, янги мактабларни эса келгуси ўқув йили бошига қадар фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Лойиҳанинг амалга оширилиши пойтахтда ўқувчи ўринлари танқислигини камайтириш, таълим инфратузилмасини кенгайтириш ҳамда болалар учун замонавий ва қулай билим олиш шароитларини яратиш имконини беради.
Санжар Тошпўлатов,
ЎзА