Пойтахт жамоат транспорти жамоатчилик нигоҳида: ислоҳотлар эътирофи, рақамлар ва халқчил таклифлар
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази томонидан 3 мингга яқин фуқаро иштирокида ўтказилган социологик сўровда Респондентларнинг қарийб 79 фоизи Тошкент шаҳрида жамоат транспортидаги янгиланишларни эътироф этди. Ўрганиш хулосалари халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг навбатдаги сессиясида кўриб чиқилиб, тегишли қарор қабул қилинди.
Бугун Тошкент Марказий Осиёнинг энг шиддат билан ўсаётган, замонавий қиёфа касб этаётган йирик мегаполисларидан бирига айланди. Шаҳар ҳудуди кенгайиб, аҳоли ва пойтахт меҳмонларининг кундалик фаоллиги ортгани сари жамоат транспорти тизимига бўлган эҳтиёж ҳам янги босқичга чиқмоқда. Илгари йўналишларда транспорт ҳаракатини олдиндан режалаштириш мушкул бўлган бўлса, бугунги кунда замонавий электробус ва автобуслар, тобора кенгайиб бораётган метрополитен тармоқлари, рақамли тўлов ҳамда онлайн кузатув тизимлари ҳамшаҳарларимизнинг кундалик ҳаёт тарзига айланиб улгурди.
Президентимиз томонидан жамоат транспорти, айниқса, метрополитен ва автобус йўналишлари йирик шаҳар ҳаётининг қон томири эканига алоҳида эътибор қаратилиб, соҳада брутто-шартнома тизими, ҳаракат таркибини тубдан янгилаш ва алоҳида йўлаклар ташкил этиш каби кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Хўш, бугун пойтахт йўловчилари ушбу ўзгаришларни қандай баҳоламоқда? Тизим самарадорлигини янада ошириш учун аҳоли қандай ташаббусларни илгари сурмоқда?
Шу мақсадда жорий йилнинг 15–18 октябрь кунлари Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази томонидан Тошкент шаҳрида жамоат транспорти фаолиятини янада яхшилаш ва йўловчиларга яратилган шарт-шароитларни ўрганишга бағишланган кенг қамровли социологик тадқиқот ўтказилди. Давлат ва жамият ўртасидаги очиқ мулоқотнинг амалий ифодаси бўлган мазкур ўрганишлар иккита платформада ташкил этилиб, умумий ҳисобда 3 минг нафарга яқин респондентни қамраб олди.
Фаол авлод танлови: респондентларнинг 98 фоизи жамоат транспортига ишонч билдирмоқда
Тадқиқотнинг демографик ва ижтимоий таҳлили муҳим бир ҳақиқатни юзага чиқарди: сўровномада жамиятнинг энг ҳаракатчан, янгиликка интилувчан ва ижтимоий фаол қатлами — ёшлар, талабалар ҳамда давлат ва хусусий сектор ходимлари етакчилик қилди (96,7 фоиз). Респондентларнинг 62,1 фоизини 18–29 ёшдаги навқирон авлод, 17,3 фоизини 30–50 ёшдаги меҳнатга лаёқатли аҳоли, 15,2 фоизини 18 ёшгача бўлган ёшлар ва 5,3 фоизини 50 ёшдан юқори нуроний ва тажрибали фуқаролар ташкил этди. Пойтахтнинг барча 12 та тумани вакиллари ўз таклифлари билан фаол қатнашди.
Эътиборли жиҳати шундаки, бугунги кунда Тошкент аҳолиси учун жамоат транспорти том маънода асосий ҳаракат воситасига айланган. Сўровда қатнашганларнинг 60,5 фоизи автобус ва метро хизматидан ҳар куни бир неча маротаба, 15,2 фоизи эса ҳафтада 3–5 кун мунтазам фойдаланишини билдирган.
Йўловчиларнинг кундалик транспорт танлови таҳлил қилинганда қуйидаги ижобий манзара намоён бўлади:
Метрополитен устуворлиги: иштирокчиларнинг 37,7 фоизи энг тезкор ва тирбандликлардан холи транспорт сифатида айнан метро хизматини танлайди;
Интеграциялашган қатнов: респондентларнинг 35,3 фоизи кундалик йўналишида метро ва автобус уйғунлигидан (комбинациясидан) самарали фойдаланади;
Автобуслар оқими: сўров қатнашчиларининг 25 фоизи пойтахт бўйлаб ҳаракатланишда тўлиқ замонавий автобуслар хизматига таянади;
Шахсий такси улушининг пастлиги: шахсий автомашина ёки йўналишли такси хизматига мурожаат қилувчилар улуши атиги 2 фоизни ташкил этмоқда.
Ушбу кўрсаткичлар йўловчиларнинг 98 фоизи айнан жамоат транспортини маъқул кўраётганини кўрсатиб, тизимга бўлган ижтимоий ишонч ва жозибадорлик сезиларли даражада ошганидан яққол далолат беради.
Ислоҳотлар самараси: қулайлик, вақт тежамкорлиги ва рақамли ечимлар
Сўнгги икки йил мобайнида Тошкент шаҳри жамоат транспортида юз берган янгиланишлар жамоатчилик томонидан ижобий баҳоланмоқда. Сўров натижаларига кўра, иштирокчиларнинг 52,1 фоизи тизимда сезиларли ижобий ўзгаришлар рўй берганини эътироф этган.
Айниқса, яратилган умумий қулайлик даражаси бўйича кўрсаткичлар диққатга сазовор. Респондентларнинг жами 78,9 фоизи тизимни ижобий баҳолаб, шундан 59,7 фоизи “қулай”, 19,2 фоизи эса “жуда қулай” деб эътироф этган.
Амалга оширилган ислоҳотлар йўловчиларнинг олтинга тенг вақтини тежашда ҳам ўз самарасини бермоқда. Маълумотларга кўра, респондентларнинг 47,1 фоизи битта транспорт воситаси орқали манзилига 1 соатга етмайдиган вақт ичида етиб бормоқда. Яна 32,2 фоиз иштирокчи эса иккита транспортдан (автобус ва метро) фойдаланган тақдирда ҳам 1 соат ичида ўз иш ёки ўқиш жойига етиб олиш имкониятига эга. Демак, йўловчиларнинг қарийб 80 фоизи йирик мегаполис шароитида манзилига бир соат ичида етиб бормоқда.
Соҳани рақамлаштириш борасидаги қадамлар ҳам аҳолига катта енгиллик яратди. Хусусан, нақд пулсиз электрон тўлов тизими (АТТО ва банк карталари) респондентларнинг 79,6 фоизи томонидан бенуқсон ва қулай ишлаётгани қайд этилган.
Шунингдек, онлайн мониторинг иловалари орқали автобуслар ҳаракатини кузатиб бораётган фаол фойдаланувчиларнинг катта қисми рақамли хизматлар кундалик режалаштиришни анча осонлаштирганини таъкидлаган.
Табиий ўсиш суръати ва янги марралар: аҳоли нималарни таклиф этмоқда?
Албатта, кунлик йўловчилар оқими миллионлаб кишини ташкил этадиган, иқтисодий ва демографик жиҳатдан шиддат билан ўсаётган пойтахтда эришилган натижалар билан чекланиб бўлмайди.
Тадқиқот давомида ислоҳотларни ҳали тўлиқ ҳис қилмаган ёки айрим йўналишларда қўшимча қулайликлар яратилишини кутаётган қатламнинг фикрлари ҳам батафсил ўрганилди. Зеро, социологик сўровнинг бош мақсади ҳам мавжуд масалаларга жамоатчилик кўзи билан қараш ва халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши муҳокамаси учун аниқ, манзилли таклифлар тақдим этишдан иборат эди.
Таҳлиллар шуни кўрсатадики, транспорт инфратузилмасига асосий юклама эрталабки тиғиз вақтга (соат 07:00 дан 09:30 гача — 54,5 фоиз), кундузги фаол даврга (09:30–17:00 — 40,8 фоиз) ҳамда кечки тиғиз соатларга (17:00–19:30 — 29,8 фоиз) тўғри келмоқда.
Ана шу омилларни ҳисобга олган ҳолда, сўровнома иштирокчиларининг конструктив таклифлари асосида пойтахт жамоат транспортини янги сифат босқичига олиб чиқиш бўйича 9 та устувор йўналиш шакллантирилди:
1. Тиғиз соатларда қатнов оралиғини янада қисқартириш: Респондентларнинг 80 фоиздан ортиғи эрталабки (07:00–09:30) ва кечки (17:00–19:30) тиғиз пайтларда йўналишларга қўшимча автобуслар сафарбар этиш орқали ҳаракат интервалини 3–5 дақиқагача тушириш ташаббусини қўллаб-қувватлади.
2. Катта сиғимли автобуслар паркини кенгайтириш: Йўловчи оқими юқори бўлган магистрал йўналишларда, айниқса, Миробод, Учтепа, Янгиҳаёт, Яшнобод ва Сергели туманларини боғловчи тармоқларда ўта катта сиғимли (“гармошка”) автобуслар сонини кўпайтириш таклиф этилмоқда.
3. Метрополитен қувватини ошириш: Янгиҳаёт ва Сергели каби жадал ўсаётган ҳудудлар аҳолиси эҳтиёжидан келиб чиқиб, тиғиз вақтларда метро поездлари таркибини 5 вагонли қилиш ҳамда интервални 2–3 дақиқагача қисқартириш чораларини изчил давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.
4. Махсус “А” тасмали йўлакларда устуворликни таъминлаш: Пойтахт кўчаларида ташкил этилган алоҳида автобус йўлакларида жамоат транспортининг тўсиқсиз ва тезкор ҳаракатланишини кафолатлаш учун стационар ҳамда автобусларга ўрнатилган мобил камералар орқали назоратни кучайтириш бутун шаҳар бўйлаб йўлдаги вақт сарфини кескин камайтиради.
5. Кечки Тошкент учун барқарор қатнов: Пойтахтнинг кечки ижтимоий-иқтисодий ҳаёти жўшқинлигини таъминлаш мақсадида соат 21:00 дан кейин ҳам марказий ва туманлараро йўналишларда соат 23:30 га қадар 15–20 дақиқалик аниқ жадвал асосида автобуслар ҳаракатини кафолатлаш режалаштирилмоқда.
6. Хизмат маданияти ва ҳаракат хавфсизлиги: Ҳайдовчиларнинг малакаси ва муомала маданиятини ошириш, йўловчиларни чиқариш ва туширишда тўхташ интизомига қатъий амал қилишни йўлга қўйиш ҳаракат хавфсизлигини таъминлашда муҳим омил бўлади.
7. Тўлиқ инклюзивлик ва салон микроклимати: Имконияти чекланган фуқаролар ҳамда болалар аравачаси билан ҳаракатланувчи ота-оналар учун пандусларнинг доимий ишлашини таъминлаш, шунингдек, мавсумга қараб автобус ва метро салонларида совитиш ҳамда иситиш тизимларини рақамли сенсорлар орқали онлайн назорат қилиш илгари сурилмоқда.
8. Рақамли сервислар аниқлигини ошириш: Мобиль иловаларда (3ТМ, АТТО) автобусларнинг реал вақтдаги GPS маълумотлари узатилишини мукаммаллаштириш, валидаторларнинг узлуксиз ишлаши ҳамда салонларда манзилларни овозли эълон қилиш тизимининг доимий фаолиятини таъминлаш кўзда тутилган.
9. Йўловчилик маданиятини юксалтириш: Жамоат транспортида қулайлик нафақат инфратузилмага, балки йўловчиларнинг ўзаро ҳурматига ҳам боғлиқ.
Шу боис метро ўтиш жойларида, эскалаторларда ва вагон эшиклари олдида тартибли ҳаракатланиш маданиятини тарғиб қилувчи медиа-лойиҳаларни кенг йўлга қўйиш таклиф этилмоқда.
Халқ овози — сессия қарори ва амалий чора-тадбирлар асоси
Мухтасар айтганда, Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази томонидан ўтказилган мазкур социологик тадқиқот пойтахтимизда жамоат транспорти соҳасидаги ислоҳотлар аҳолининг кундалик ҳаётида ўз ижобий ифодасини топаётганини кўрсатди. Энг муҳими, тадқиқот хулосалари ва ҳамшаҳарларимиз билдирган таклифлар эътиборсиз қолмади — улар 22 октябрь куни бўлиб ўтган халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг навбатдаги сессиясида атрофлича муҳокама қилинди.
Сессия якунлари бўйича қабул қилинган Кенгаш қарорига мувофиқ, сўровномада аҳоли томонидан кўтарилган ҳар бир долзарб масала ва илгари сурилган халқчил ташаббуслар бўйича масъул ташкилот ҳамда мутасадди идоралар зиммасига аниқ муддатли вазифалар юклатилди. Зеро, жамоатчилик фикри ва депутатлик назорати уйғунлигида қабул қилинган бундай амалий қарорлар пойтахт транспорт инфратузилмасини янада инсонпарвар, хавфсиз ва юқори сифатли тизимга айлантиришда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади.
Бахтиёр БЕКМУРЗАЕВ,
Демократик жараёнларни
таҳлил қилиш маркази эксперти