Пойтахт атрофидаги иссиқхоналар учун янги экологик тартиб ва давлат ғамхўрлиги
Қишнинг совуқ кунлари яқинлашгани сари ҳар биримиз яқинларимизга илиқлик улашишга, хонадонларимизда мўътадил ҳароратни сақлашга интиламиз. Табиат бизга ато этган кўмир, табиий газ каби бебаҳо неъматлар ҳаётимиз файзини ва тўкинлигини таъминлаб турса-да, уларни асраб-авайлаш, кейинги авлодларга тоза ва соғлом экотизим ҳолида етказиш барчамизнинг бурчимиз.
Айни пайтда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ҳамда дастурхонимиз тўкинлигини таъминлаш учун совуқ мавсумда иссиқхоналарга бўлган эҳтиёж ҳам катта экани бор ҳақиқат. Бироқ, бу эҳтиёжлар табиат ва инсон саломатлиги ҳисобига бўлмаслиги керак, чунки ана шундай нозик ва мураккаб мувозанатни сақлаш, бир томондан тоза ҳаво ва экологияни асраш, иккинчи томондан эса иссиқхоналар фаолиятини қўллаб-қувватлаб, уларга кенг имкониятлар яратиш давлатимизнинг доимий эътиборида турибди.
Ана шуларни инобатга олган ҳолда Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 22 октябрдаги 586-сон қарорига мувофиқ, Тошкент шаҳри ва унга туташ ҳудудлардаги иссиқхона хўжаликлари учун янги экологик тартиб жорий этилди. Хусусан, пойтахтимиз билан биргаликда Юқори Чирчиқ, Қибрай, Янгийўл, Зангиота ва Тошкент туманлари Махсус ҳудуд деб белгиланиб, у ердаги иссиқхоналар фаолияти учун замонавий ва хавфсиз талаблар қўйилди. Эндиликда бу ҳудудлардаги иссиқхоналар фақатгина табиий ва суюлтирилган газ, электр энергияси, геотермал ҳамда қуёш энергияси, шунингдек, иссиқлик электр станцияларидаги иккиламчи иссиқлик энергиясидан фойдаланган ҳолда ишлаши лозим.
Шу билан бирга, қаттиқ ёқилғида фаолият юритаётган хўжаликлар кўрсатилган муддатга қадар ўз тизимини мазкур экологик манбаларга ўзгартириши ёки фақатгина ўта қатъий талабларни бажарган ҳолдагина фаолият юритиши шарт. Қолаверса, шиналар, битум, мазут, пластмасса, полимер плёнкалар, резина ёки маиший чиқиндиларни ёқилғи сифатида ёқиш қатъиян тақиқлангани ҳаммамиз нафас олаётган мусаффо ҳавони асрашда муҳим аҳамиятга эга.
Табиийки, бундай жиддий талаблар тадбиркорларни қийин аҳволга солиб қўймайдими, деган ҳақли савол туғилиши мумкин. Бироқ, давлатимиз сиёсати ҳар доим инсон манфаатларига ва тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилгани боис, мазкур ҳужжатда жуда катта ғамхўрлик ва имтиёзлар назарда тутилган. Жумладан, иссиқхоналарни экологик жиҳатдан модернизация қилишни рағбатлантириш мақсадида кўмак чоралари белгиландики, унга кўра, чанг-газ тозалаш ускуналари, қозонлар, энергия тежамкор экранлар ва самарадор технологияларни харид қилиш харажатларининг 50 фоизи, бироқ ҳар бир гектари учун 50 миллион сўмгача бўлган қисми давлат бюджети ҳисобидан субсидия сифатида қоплаб берилиши кўзда тутилган. Шунингдек, автоматик мониторинг станцияларини харид қилиш истагида бўлган иссиқхоналарга 7 йил муддатга фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан ҳар бир станция учун 350 миллион сўмгача маблағлар молиялаштирилса, кейинги лойиҳалар учун тижорат банклари орқали етти йил муддатга, уч йиллик имтиёзли давр билан, йиллик 14 фоиз ставкада ва ҳар бир гектарга 3 миллиард сўмгача имтиёзли кредитлар ажратилиши белгиланган.
Буларнинг барчаси юртимиз табиати мусаффолигини, ҳаво тозалигини таъминлаш билан бирга, тадбиркорларнинг ишлари баракали ва фаровон бўлишига қаратилган чинакам ғамхўрликдир. Албатта, белгиланган қоидаларга риоя қилмаганларга нисбатан экологик экспертиза хулосасини вақтинча тўхтатиш ва тармоқлардан узиш каби қатъий чоралар ҳам кўрилиши табиат олдидаги масъулият нақадар муҳим эканини кўрсатади.
Умуман олганда, ушбу қарорни экологик мувозанатни асраш, иссиқхона эгаларига замонавий, тежамкор ва хавфсиз технологияларга ўтиш учун кенг йўл очиб берадиган ҳужжат, десак тўғри бўлади. Табиий бойликларимизни кўз қорачиғидек асраб, уни келажак авлодларга бекаму кўст етказиш ҳамда совуқ кунларда халқимизга меҳр ва илиқлик улашиш йўлидаги бундай эзгу саъй-ҳаракатлар албатта, ўзининг юксак самараларини беради.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА